Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик – олий неъмат
18:52 / 2022-08-30

-

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш.

 

Мазкур мисраларни битган буюк бобокалонимиз, мутафаккир олим, хассос шоир, давлат арбоби Алишер Навоий мустақиллик, ҳурлик тенгсиз неъмат эканлигини теран англаган ва ўз ижоди орқали бизларга ҳам уқтиришга ҳаракат қилган. 

Кўп минг йиллик тарихга эга ўзбек халқи азал-азалдан озод бўлишга интилган, бу йўлда қанча-қанча курашлар, жанглар олиб борган. Урушларда юрт тинчлиги, халқ эркинлиги, улус фаровонлигини кўзлаб жонини тиккан не-не қаҳрамонларнинг қони тўкилган бу тупроққа. Спитамен, Широқ, Барчиной, Алп Эр Тўнга, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд ... 

Ҳали Совет Иттифоқи таркибида бўла туриб. 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон Мустақиллик декларациясининг эълон қилиниши ва унинг асосида 1991 йил 31 августда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши жаҳоншумул қаҳрамонлик намойиши бўлди.

Айрим ҳолларда суҳбатларда ёки интернет саҳифаларида “Нега бугун қаҳрамонлар туғилмайди?” каби саволларга дуч келасиз. Шунда ўйлаб қоламан: ахир куни кеча Ҳиндистонда ўтказилган 44-жаҳон шахмат олимпиадасида биринчиликни қўлга киритиб, олтин медалларни олиб келган, кураш, енгил атлетика, бокс, гимнастика ва бошқа спорт турларида Ўзбекистон байроғини ҳилпиратаётган спортчиларимиз қаҳрамон эмасми? Мактаб ўқувчилари ўртасида математика, кимё фанларидан ўтказиладиган олимпиадаларда юқори натижаларга эришиб, олтин ва кумуш медаллар соҳиби бўлаётган юртимиз фарзандлари қаҳрамон эмасми?

Буларнинг барчаси мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукмронлиги, ҳамма соҳаларни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратилгани, алалхусус – Мустақиллик шарофатидир. Мустақилликка эришиш осон бўлмади. Бунинг учун қанча ҳаракат қилингани, қанча заҳмат чекилганини бу йўлда жонбозлик қилганлар, Республиканинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари, фаоллар  ва уларнинг оила аъзолари билишади. Олдимизда турган навбатдаги вазифа – шу буюк неъматни сақлаб қолиш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилишдир.

Истиқлолнинг халқимиз ҳаётида, онг-у шуурида қанчалик муҳим ўрин тутишини, унинг ёш-у кекса авлоднинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтиришдаги беқиёс ролини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари томонидан «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғоя ўртага ташланди ва “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарор имзоланди. Қарор иловаларида келтирилган тадбирлар режаси ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган. Мутасаддиларга ушбу байрам тантаналарига аҳолини, аёллар, болалар ва ёшларни фаол жалб қилиш, тадбирларни юқори савияда ўтказиш юкланган.

Шу кунларда – рус ёзувчиси Максим Горькийнинг таъбири билан айтганда, юртимизда “мустақиллик шарпаси” кезиб юрган даврда – қалбимиз шукроналик, фахр ва ғурур туйғулари билан тўлган. Шу билан бирга, шу йилнинг бошида, январь ойида Қозоғистонда, 1-2 июль кунлари ўз диёримизнинг ажралмас бўлаги бўлган Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида бўлган бузғунчилик ғалаёнлари байрамона шукуҳга соя солади, одамнинг юрагини қўрқув, таҳлика эгаллайди. Юзага келган оммавий тартибсизликлар иштирокчиларининг инстинктив, ҳеч нарсани ўйламасдан содир этган хатти-ҳаракатлари нафақат нохуш ҳолатлар, бошқариб бўлмайдиган тартиббузарликларни юзага келтирди, балки жамиятнинг ҳуқуқ-тартиботи, инсон ҳуқуқлари, жамоат хавфсизлигига путур етказди.

Қозоғистонда содир бўлган оммавий тартибсизликлар оқибатида 4,5 мингдан зиёд киши жабрланган, 225 киши ҳалок бўлган, булардан 19 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходим ва ҳарбий хизматчилари бўлган; давлатга етказилган зарар миқдори 2,5-3 миллиард долларни ташкил қилган. Бу ҳодисаларни тартибсизлик деб баҳолаш, менинг назаримда, ўта бағрикенглик қилишдир. Ушбу ҳолатларни Ватанга хиёнат, халққа хиёнат дея баҳолаш тўғрироқ бўларди.

Бундай ҳаракатларни ўрганадиган мутахассисларнинг фикрига кўра,  оммавий тартибсизликларда иштирок этувчи фуқароларни уч гуруҳга ажратиш мумкин: 1) намойишчиларнинг 70 фоиздан кўпроғи нима бўлаётганлигини билиш мақсадида, натижа нима билан тугашига қизиқиб оломонга қўшилиб қолганлар; улар кўпчиликни ташкил қилади; 2) 25 фоизи ушбу жараённинг фаоллари бўлиб, улар, асосан, бузиш, ўт қўйиш каби қонунга ҳилоф ишларни тўғридан-тўғри бажарувчилар ҳисобланади; 3) иштирокчиларнинг 5 фоизи – оммавий тартибсизликларнинг ташкилотчилари ва иғво уюштирувчилари; улар оломоннинг кам сонли қисми бўлишига қарамай, лекин энг хавфлиларидир. Улар, одатда, кузатиш, бошқариш ва ўз мақсадларига эришиш борасида оломонни жамиятнинг энг заиф нуқтасига йўналтириш билан шуғулланадилар.

Нукус воқеаларининг сабаб ва натижалари давлатимиз раҳбарияти ҳамда махсус тузилган комиссия томонидан жиддий таҳлил қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақида: «Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар “халқни рози қилиш” деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», – деди.  Сўнгги йиллар давомида «Инсон қадри учун» тамойили остида амалга оширилаётган ислоҳотларга Ватанимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир овул ва қишлоғи, катта-ю кичик шаҳарлари қамраб олинмоқда. Барча ижтимоий соҳаларда йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аҳоли саломатлиги, таълим, табиатни асраш каби инсон ҳаёти ва фаолияти учун муҳим бўлган жабҳаларга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишлари деб қаралмоқда.

Бироқ ҳали ҳануз, афсуски, Президент таъкидлаганидек, «айрим раҳбарлар халқимизга ҳалол хизмат қилиш ўрнига фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган маблағларни самарасиз сарфлаш, яратиб берилган имкониятларни ишга солмаслик, эл-юрт учун жонини бериб ишламаслик ҳолатларига йўл қўйиб келмоқда». Бунинг натижасида адолат завол топмоқда, халқ орасида ишончсизлик, умидсизлик, тушкунлик кайфияти авж олмоқда. Сўнгги вақтларда иложсизликдан ўз жонига қасд қилиш, ўзганинг мулкини эгаллаш, талончилик, жиноятчилик ҳолатлари кўпаймоқда. 

Баъзи юртдошларимиз кетма-кет юзага келаётган ва ечими топилмаётган муаммолар, содир бўлаётган адолатсизликлар туфайли ўзга ўлкаларга кўчиб кетмоқдалар. Статистик маълумотларга қараганда,  2000-2020 йилларда Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга доимий яшаш учун 1,1 миллиондан зиёд киши чиқиб кетган. Айримлар оила таъминоти учун пул топиш мақсадида хорижий давлатларга бориб ишламоқда. Шундан дунёда меҳнат мигрантлари сони кундан кунга ортиб бормоқда. Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг маърузасига (2021 йил) кўра,  бугунги кунда жаҳонда 281 миллион халқаро меҳнат мигранти бўлиб, улар Ер шари аҳолисининг 3,6 фоизини ташкил этади. Агар ушбу кўрсаткич бундай суръатлар билан ошиб бораверса, 2050 йилга келиб мигрантлар сони 405 миллион кишига етади.

Инсон ўз юртини, киндик қони тўкилган Ватанини осонлик билан ташлаб кетмайди, айниқса, бу ошён Ўзбекистон тупроғи бўлса. Бу тупроқнинг қадрини, мусаффо осмоннинг қадрини мусофирлардан сўранг, “Меҳр” операцияси доирасида уруш ўчоқларидан ўз Ватанига, уйига, оиласи бағрига қайтган опа-сингилларимиздан сўранг. 

Аллоҳ асрасин! Юртимизни, юртбошимизни ўзи асрасин!

Мустақиллигимизга кўз тегмасин!

Қўйнимдаги ифтихорим,

Бўйнимдаги туморим,

Ўзинг менинг улуғлардан

Улуғимсан, Ватаним !

Фарида Умарова

Ўзбекистон Республикаси 

Жамоат хавфсизлиги университети,

“Тилларни ўрганиш” кафедраси доценти