Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик оилалари – фаровон оилалар
12:11 / 2022-08-23

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институтида “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти томонидан “Мустақиллик оилалари – фаровон оилалар” мавзусида илмий семинар ташкил этилди.

Унда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тизимидаги ҳудудий ташкилотлар, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди. 

Мазкур семинар Президентимизнинг 2022 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. 

Семинардан кўзланган мақсад мустақиллигимизнинг 31 йиллиги давомида мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсатининг  мазмун ва моҳияти, натижаларига оид илмий тадқиқот ишлари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашишдан иборат бўлди. 

– Кўпинча аёлларнинг камчилиги уларнинг ўз ҳуқуқларини билмаслиги сабабли юзага келмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. – Гарчи мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлашга катта эътибор қаратилаётган бўлса-да, бу борадаги ҳали ҳамон ҳал этилиши зарур бўлган долзарб масалалар бор. Ёшларнинг оилавий, оила психологияси, оилавий қадриятларда ҳали маслаҳатга, кўмакка эҳтиёж сезаётгани аён бўлмоқда. Бугун тақдимоти ўтказилаётган илмий қўлланмалар бу борада оила қуриш истагидаги ёшлар билимини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз. Эътиборга молик жиҳати, ушбу китоб ва қўлланмалар ногирон болаларнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш, ҳунармандликни ёшларга тарғиб этиш, ёшларни турли зарарли мафкуравий ғоялардан асрашни кўзлайди. 

Мазкур семинарда Ўзбекистонда оила институтини ривожлантиришнинг ижтимоий механизмлари, оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, демографик ҳолатларнинг оила институтига таъсири, жамият тараққиёти ва фаровонлигида гендер тенглиги ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларининг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.  

Шу билан бирга, замонавий оила назариялари, хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилалар фаровонлиги, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фарзандлар тарбияси, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлашда қадриятларнинг ўрни каби масалаларга бағишланган 10 га яқин маърузалар тингланди.  

Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан баҳс-мунозара ва савол-жавоблар ўтказилди ҳамда оила институтини ривожлантиришда мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган самарали тизимларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан нашр эттирилган китоб ва рисолалар тақдимоти бўлиб ўтди. 

Назокат Усмонова, ЎзА