English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик нашидаси – халқимизнинг асрлар қаъридан келаётган буюк армони, ғалабаси, умид-ишончи
08:12 / 2021-09-05

Умумбашарият тарихида ҳар бир миллат, халқнинг ўзига хос ривожланиш йўли, кўз юмиб бўлмас саҳифалари бор. Миллат генофонди ҳисобланувчи зиёлилар қатағони, қанча-қанча инсоний йўқотишлар, машаққатлар ва жуда катта меҳнат эвазига бугунги кунларга етишдик.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз истиқлолининг 30 йиллик тантанасидаги нутқида  жафокаш халқимиз  ҳақида “Барчамизга  маълумки, эл-юртимиз асрлар давомида озод ва эркин ҳаётни, адолатли жамиятни орзу қилиб яшади. Бу муқаддас йўлда жон олиб, жон бериб, курашда машаққатли синовларни мардона енгиб ўтди, халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади” дея фикр билдирди.

Дарҳақиқат, ёш авлод бугун тарих китобларида ўқиётган  халқимиз бошига тушган мудҳиш воқеликларни, миллат сифатида таҳқирланишларни биз, ёши катта авлод вакиллари ўз бошимиздан ўтказганмиз. Юртимизда бирон бир оила, авлод йўқки, зулмдан, мустабид тизимдан жабрланмаган бўлса. Давлатимиз раҳбарининг нутқини тинглар эканман, мамлакатимиз  мустақиллиги натижасида жафокаш халқимизнинг елкасига энди қуёш текканини, асрлар давомида жабрдийда ўзбек миллати эртанги ёруғ кунга ишончини йўқотмай,  қаддини ростлаб, эркин яшаш умидини сўндирмай келганини яна бир бор дилдан ҳис этдим.

Кимгадир тобеликдан йироқ, тақдирини, эртанги кунини ўзи белгилаши, айтар сўзининг борлиги менга ғурур, ифтихор бахш этиб, Мустақиллик халқимизнинг энг бебаҳо неъмати эканлиги қалбимни тўлқинлантиради. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг чуқур мушоҳадага, таҳлилга  асосланган нутқи кечаги кунимиздан сабоқ олиб, бугунги кун масъулияти залворини ҳис этиб, ўзбек Ренессанси пойдеворини яратишда ҳар биримиз миллат ва тарих олдида жавобгарликни ҳис қилган ҳолда азму шижоат билан янги дунёга қадам қўйишимиз  даркорлигини кўрсатиб турибди.

Ўтган беш йил давомида мамлакатимизда кенг миқёсда амалга оширилаётган  демократик ўзгаришлар натижасида “Янги Ўзбекистон” тушунчасининг ҳаққоний реал воқеликка айланаётгани, одамларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ошиб бораётгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

         Олий таълим тизимида узоқ йиллар давомида меҳнат қилаётган мутахассис  сифатида шуни айтишим керакки, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар салмоғини юз йилларга тенглаштириш мумкин. Охирги тўрт  йилда олий таълимга қабул квотаси 3 бараварга оширилиб,  қамров 9 фоиздан 28 фоизга етказилди, давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўтарилди. Айниқса, бу йил эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани давлатимизнинг ёшлар келажагини таъминлашга қаратилган амалий эътибор намунасидир. Янги ташкил этилган институт ва университетлар, уларнинг филиаллари ҳисобига олий таълим муассасаларининг сони 140 дан ошди.

Олийгоҳларга  академик ва молиявий мустақилликнинг  берилиши таълим, фан ривожланиши ҳамда уларнинг моддий-техник базасини такомиллаштиришда муҳим қадам бўляпти. Хусусан, жамиятда устоз, педагог  шахсияти ва унинг мавқеини, обрў-эътиборини юксалтиришга катта эътибор берилиб, ўқитувчи меҳнати муносиб тақдирланиши зарурлиги ўз исботини топмоқда. Профессор-ўқитувчилар ойлик маошлари 3 бараварга кўтарилди, илм-фан билан шуғулланаётган тадқиқотчилар, илмий янгилик яратаётган олимлар учун жуда катта маънавий ва моддий рағбат берилмоқда.

Мамлакатимизнинг кон-металлургия саноати соҳасига етакчи муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш мақсадида 2017 йилда ташкил этилган  Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети  Олмалиқ филиали ҳам шахсан ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан фаолиятини бошлаган олий таълим муассасасаларидан биридир. Олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг ҳолда ўқув даргоҳимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида айтиб ўтишим жоиз.

Филиал ўз фаолиятини ташкил этилган даврдан то ҳозиргача 2 та докторлик иши ҳимояси, 9 та фалсафа  докторлиги ҳимоялари бўлиб ўтди. Илмий салоҳият 21 фоиздан 34 фоизга кўтарилди. 2021 йил охиригача яна 4 та илмий иш ҳимояси режалаштирилган бўлиб, илмий салоҳият 45 фоизга етказилади.

Ишлаб чиқариш саноати  талабларидан келиб чиққан ҳолда йилдан йилга  қабул квоталарининг оширилиши натижасида ТДТУ Олмалиқ филиалида таълим жараёнлари  Олмалиқ шаҳридаги 2 та  ва Оҳангарон шаҳарларидаги қўшимча  ўқув биноларида олиб борилмоқда.  2021-2022 ўқув йилида мазкур олий таълим муассасасида тўрт ярим мингдан зиёд талаба таълим олиши режалаштирилган. Филиал қошида Тошкент вилояти Красногорск шаҳрида академик лицей ташкил этилди. Жаҳон банки ёрдамида замонавий талабларга жавоб берувчи 1 миллиард 53 миллион 849 минг сўмлик замонавий лаборатория жиҳозлари харид қилинди. Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон олийгоҳлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Германия давлатидаги Ingolshtat техника олий ўқув муассасаси билан таълим ва лаборатория ҳамкорлигини йўлга қўйиш устида музокаралар олиб борилмоқда.

Давлат раҳбарининг узоқни кўзлаб, оқилона амалга оширган сиёсати самараси ўлароқ  тўрт йил давомида мазкур олий таълим масканида Тошкент вилояти ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларида жойлашган саноат корхоналарига етук, салоҳияти юқори муҳандис-техник кадрлар тайёрланмоқда. Жаҳон металлургия саноатида етакчи ўринларда турган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акционерлик жамиятининг йилдан йилга ошиб бораётган ишлаб чиқариш салоҳияти кучли билимга эга мутахассислар заруриятини келтириб чиқаради. Давлатимиз раҳбарининг Олмалиқ шаҳрига ташрифи доирасида “Ёшлик” конларининг эксплуатацияси учун янги  мис бойитиш заводининг қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу эса минглаб етук мутахассисларга, ёш кадрларга талабни кучайтирмоқда.

Ёшлар – жамиятнинг эртанги куни, юксак салоҳиятли кадрлар давлатимиз тараққиётини белгиловчи катта кучдир. Давлатимиз  раҳбари байрам нутқида ёшларга қарата “Ишончим комил, сизлар замонавий билим ва  тараққиёт чўққиларини пухта эгаллаб, биз бошлаган ишларни муносиб давом эттирасиз, юксак ғайрат шижоатингиз ва фидокорона меҳнатингиз билан юртимизда янги Ўзбекистонни учинчи Ренесансни бунёд этишга, албатта, қодирсиз” дея катта умид ва ишонч билдирди. Бу ишонч ва умид ҳар биримизнинг зиммамизга  улкан масъулият юклайди.  

Азиз замондош. Ватан тараққиётига, ёшлар келажагига, она халқимизнинг ёруғ ва бахтли ҳаётига дахлдорлик туйғуси билан яшайлик.

Алишер Самадов,

ТДТУ Олмалиқ филиали директори,

техника фанлари доктори.