Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик берган имконият билан замонавийлик сари: миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари!
08:03 / 2021-08-06

«Ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим».

Ш. Мирзиёев Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган дастлабки кунларданоқ эркин демократик давлат барпо этиш, халқнинг маънавий бой ва муносиб ҳаётини таъминлашдек эзгу мақсадни амалга оширишга киришди. Биз танлаган ривожланиш йўли жаҳон тажрибаларини, шунингдек, асрларга тенгдош миллий анъаналар, урф-одатларни, анъанавий турмуш тарзини ҳар томонлама ҳисобга олиб, давлат ва жамиятни янгилаш ҳамда тараққий эттиришга йўналтирилган.

Истиқлолимизнинг қисқа даври мобайнида мамлакатда ижтимоий, маданий ва ҳалқаро ҳаётнинг деярли барча томонларига тааллуқли ижобий ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилиши бобида фаол ва самарали қадамлар қўйилдики, бу кўп жиҳатдан мамлакат фуқароларига ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятларини яратиш даражаси билан боғлиқдир.

Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини юксалтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги»ги ПҚ-3271- сонли қарори дастуриламал бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг ушбу қарорида белгиланган вазифалар, бир томондан, азалдан китобсевар халқимиз, шу жумладан ёшларимизнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш юзасидан ҳозирги замон талаблари даражасида жуда кенг имкониятлар яратишга қаратилган бўлса, иккинчи томондан, яқин вақт оралиғида Ўзбекистонимизнинг том маънода китобхонлар юртига айланишига хизмат қилмоқда.

Аҳолининг ахборот олишга, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятидан эркин, тез ва сифатли фойдаланишга бўлган имкониятлари қай даражада ривож топганига бир назар ташлаган инсон албатта фахр ва ифтихор туйғусини ҳис этади.

Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал эҳтиёжларини қондиришга, маданий-маърифий қадриятларни сақлашга қаратилган мутлақо янги, замонавий кўринишдаги ахборот-кутубхона тизимини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада, айниқса, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантиришнинг қонунчилик асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2011 йилда қабул қилинган «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларини шакллантириш ҳамда аҳолига сифатли ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ташкил этиш борасида давлат органлари ва ахборот-кутубхона муассасаларининг ваколат ва вазифаларини белгилаб берди. Ушбу қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида ахборот кутубхона муассасаларининг самарали фаолиятини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни интеллектуал эҳтиёжларини қондиришга, маданий-маърифий қадриятларни сақлашга қаратилган мутлақо янги типдаги ахборот кутубхона тизимини яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Барчага аёнки, ахборот ва коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланаётган XXI асрда ахборот сиёсати маданий сиёсатнинг бир бўлаги ҳисобланади. Шу маънода, Юртбошимизнинг қатор қарорлари ва соҳага оид қонуннинг қабул қилиниши кутубхоначилик ишида тарихий воқеа бўлиб, анъанавий кутубхона хизмати кўрсатишдан замонавий ахборот технологияларига асосланган ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишга асос солинди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: «Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда» мужассамдир.

Айниқса, ёшларимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган кўплаб маърифат масканлари барпо этилмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун янги бинонинг қурилиши, ана шундай замонавий кошонага жойлаштирилганлиги ҳам мамлакатимизда маънавият ва маърифат ривожи йўлида кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик ва эътиборнинг давоми ҳамда яна бир намойиши бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Фахр билан айтиш жоизки, мамлакатимизда маънавият ва маърифат, илм-фан ва маданият ҳамиша юксак қадрланган.

Азим пойтахтимиз чиройига чирой қўшган «Маърифат маркази» ва Миллий кутубхона ўзбек миллий шаҳарсозлик мактабининг яна бир ёрқин намунаси эканлигини бир бор ташриф буюрган кишигина аниқ тасаввур этади. Зеро, у буюк аждодларимиз бунёд этган боқий обидалар сингари Ватанимиз шуҳратини оламга ёйишга, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаган шарт-шароитларда ўқиб изланиши ва камолга етишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мамлакатимизда миллий ва жаҳон маданиятини, фан ва таълимни ривожлантириш йўлида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ва амалга оширувчи универсал ахборот-кутубхона муассасаси ҳисобланади. Унинг бой ва нодир ахборот-кутубхона фонди маънавий меросимиз ва миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмидир. Шу маънода, ушбу зиё маскани авваламбор ёшларимизни юксак сиёсий билимли, етук интеллектуал билим ва салоҳиятга эга, эркин фикрловчи инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилиши табиий.

Ислоҳотларнинг тақдири, самарали натижалар бериши ва истиқболи аҳолининг айниқса, ёшларнинг фаоллигига, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокига боғлиқ. Чунки давлатнинг ижтимоий-сиёсий салоҳиятини белгиловчи омиллардан бири мамлакат ёшларининг фаоллиги, ақл-заковати ва фидойилигидир.

Мамлакат ҳаётида содир бўлаётган ижтимоий ўзгаришлар ахборот-кутубхона муассасаларининг фаолияти, ёш авлоднинг жамиятдаги ўрни масаласига янгича ёндашишни тақозо этмоқда. Шундай экан, ҳозирда энг долзарб вазифалардан бири, ёшларни ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, маънавий дунёқарашини шакллантириш, таълим-тарбия бериш жараёнида янги усул ва услубларни яратишдан иборатдир. Уларда сиёсий етуклик, бағрикенглик, ташаббускорлик, интилувчанлик каби инсоний фазилатлар мукаммал шаклланиши керак. Қачонки, баркамол авлоднинг сиёсий, маънавий етуклик даражаси юқори бўлган тақдирдагина улар ижтимоий ҳаётнинг тараққиёт қонунларини, ҳуқуқий давлат моҳиятини ва унинг инсониятга адолатли ҳаёт кечиришда ягона кафолат эканлигини чуқур идрок этиши мумкин.

Ана шундай эзгу мақсадларни амалга ошириш учун мустақил мамлакатимизда барча шарт-шароитлар, кенг имкониятлар, етарли ҳуқуқий механизмлар бисёр.

Ҳозирги кунга келиб, мамлакатимизнинг энг йирик зиё масканида халқаро тажрибани ва кутубхона фойдаланувчиларининг, энг аввало, ёшларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, қироатхона залларининг ихтисослашуви ва жойлашиши такомиллаштирилди. Ихтисослаштирилган электрон кутубхона зали, мультимедиа технологиялари зали ташкил этилди, барча залларда Интернет тармоғидан фойдаланиш таъминланди.

Ахборот ва оммавий коммуникация технологиялари агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфидаги тасарруфидаги 14 та Ахборот-кутубхона марказлари автоматлаштирилган маҳаллий компьютер тармоқлари билан жиҳозланиб, Интернет тармоғига уланганлиги фойдаланувчиларга янада қулайлик яратади. Бир сўз билан айтганда, асосий мақсад ёшларда мустақил равишда ахборот олишга бўлган интилиш ва қизиқишни кучайтириш, уларни янги чоп этилган ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, ўқув-бадиий адабиёт билан батафсил таништириш билан бирга китоб мутолаасини оммалаштириш, ахборот маданияти даражасини ошириш, интернет тармоғида миллий контентни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва интернетни ахборот-кутубхона хизматидаги имкониятларини янада оширишга қаратилган. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини интеграциялаштириш нафақат китобхонлар фойдаланадиган китоблар сонини кўпайтириш, балки мамлакатимизда маданият ва илм-фаннинг янада равнақ топишига хизмат қилади.

Бевосита ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Олмазор туманида А.Қодирий ва А.Чўлпон номли кутубхоналар биноси қуриб битказилди. Асосий мақсад кутубхоналарнинг пойтахт мактаблари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, Абдулла Қодирий ва Чўлпон ижодини ёшларга чуқурроқ ўргатиш зарурлиги, аҳолининг дам олиши учун қулайликларни замон талаблари даражасига ошириш, бир сўз билан айтганда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдан иборатдир. 2019 йил 13 январда Бош вазир А.Арипов томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор йиғилиш қарорининг 31 бандига асосан ушбу кутубхоналар Тошкент шаҳар «Bilim» Ахборот-кутубхона маркази тасарруфига берилганлиги пойтахт аҳолисига ва айниқса ёшларга берилаётган юксак имкониятлар эшигини очди.

Жаҳонда кенг тарқаб бораётган коронавирус пандемияси нафақат инсонлар соғлиғига хавф солмоқда, балки, давлат бошқаруви, мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёти учун ҳам жиддий синов бўлмоқда. Бундай мураккаб вазиятда, давлат бошқарувида тўғри қарор қабул қилиш, барча йўналишда ишларни тўғри ташкил қилиш ва жамиятда ҳамжиҳатликни таъминлаш муҳим ва долзарб вазифадир. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини қабул қилиниши ушбу иллат тарқалишининг олдини олиш, эҳтиёт чораларини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, Фармонда коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш масаласига комплекс ёндашилганлиги, мамлакатимизда вужудга келган мураккаб вазиятда, давлатимиз раҳбари томонидан тўғри қарор қабул қилиниши натижасида, барча йўналишда ишлар тўғри ташкил қилинмоқда, минглаб масъул ходимлар кечаю-кундуз фидокорона меҳнат қилмоқда, фуқароларимиз ўртасида меҳр-оқибат кучаймоқда. Ишончимиз комилки, ушбу мураккаб вазият халқимизни янада жипслаштиради. Махсус комиссия томонидан ҳам кечиктириб бўлмас ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда бутун дунё аҳли таҳликали вазият, оғир ва синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Бунга барчамиз жиддий ҳолат сифатида қарашимиз ва коронавирус деган балойи қазони даф қилишда бир тану жон бўлиб, биргаликда ҳаракат қилишимиз давр тақозосидир. Дунё мутахассислари томонидан тавсия этилаётган, талаб этилаётган тартиб ва қоидаларга ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг амал қилишини таъминлашда биз ҳар биримиз масъулдирмиз. Бошга синов тушганда кимнинг кимлиги, қандай инсон эканлиги билинади, одамлар яхши ёмонга ажралади, яхшилар жипслашади, эзгулик, яхшилик йўлида бирлашади, бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Ўзбек халқи азалдан «бир майизни қирққа бўлиб еган халқ» эканлиги барчамизга маълум. Демак биз ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида бир тану бир жон бўлиб яшашга тайёрмиз!

Мамлакатимизда огоҳлик, ҳар қандай шароитга тайёр туришдек оқилона, одилона олиб борилаётган сиёсат даражасидаги чора-тадбирларнинг кўрилиши натижасида пандемия ҳамда карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, халқимиз тушкунлик ва саросимага тушгани йўқ. Ўз йўналиши бўйича фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмади. Чунки, юртбошимиз вазиятдан келиб чиқиб, халқимизнинг соғлиғини ўйлаб, ҳар бир соҳанинг ишини бошқа шаклда ташкил этиш орқали белгиланган тартиблар асосида йўлга қўйилди. Яъни, «Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, «онлайн» режимда олиб борилмоқда».

Ислоҳотларнинг давоми сифатида ахборот-кутубхона соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши бир қатор устуворликлар белгиланишига олиб келди. Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусдан бири – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг таратиб берилганлиги ҳам биз мутахассисларга дастуриламал ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, охирги беш йил давомида мамлакатимизда юртбошимиз томонидан олиб борилаётган китоб тарғиботи, кутубхоналар фаолияти, китобхонлик, мутолаа маданиятини оширишга қаратилган масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди, бир сўз билан айтганда олиб борилаётган ислоҳотлар бизга том маънодаги 3 та муқаддас тушунчаларни яъни, китоб, кутубхона ва китобхонликни қайтариб берди.

Маълумки, ҳар бир давлатнинг тараққиёти, унинг янада равнақ топиши маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқараши юксак инсонлар билан боғлиқ. Албатта мазкур омилларнинг туб замирида бевосита китоб туради, десак муболаға бўлмайди ва айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини юксалтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот кутубхона маркази томонидан кенг аҳоли қатламлари ва айниқса ёшларимизнинг уйда қолиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида махсус ишлаб чиқилган чора тадбирлар асосида фаолият олиб бормоқдалар. Аҳолининг ижтимоий ҳуқуқлари, яъни аҳолининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда мунтазам билим таълим ва мустақил равишда билим олишига кўмаклашиш, миллий маънавий-ахлоқий қадриятларни кенг кўламда тарғиб қилиш, халқнинг маданий-тарихий меросидан баҳраманд бўлишни таъминлаш, маънавий бой ва уйғун камол топган шахснинг ижодий ўсишига имконият яратиб бериш мақсадида Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази, Учтепа, Сергели, Яшнобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Миробод, Юнусобод ва Бектемир туманларида яратилган ижтимоий тармоқлар: ҳар бир АКМнинг телеграм каналлари, «Уйда қолинг!» шиори остида яратилган “Bilim kitoblar”, “Bilim Акция», «Билим жонли энциклопедия», «Детский мир», «Аудио билим», “Bilim кутубхонаси», «Ақлли карантин», «Аждодлар мероси - илм ёғдуси» каби онлайн яратилган таъсирчан саҳифалар фаолиятида ўз аксини топмоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир.

Орзулар рўёби: «Кутубхоначилар куни» белгиланди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июнда «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида» қарори қабул қилиниши соҳанинг янада тараққиётга юз тутишига асос солди.

Қарорда Республикада ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичида ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришнинг мақсади ва вазифалари жумладан, мамлакатимиз мустақиллигининг улкан ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, тарихий ва маънавий-маърифий аҳамиятини аҳолига кенг ва ёшларга кенг сарҳибот қилиш, мамлакатимизда «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғояси асосида Янги Ўзбекистонни бунёд этиш борасида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган салмоқли ютуқлар, давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги тараққиёт даражаси, халқаро майдондаги обрў-эътибори, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, ҳарбий-ватанпарварлик, таълим-тарбия, ёшлар камолоти, маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш, миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг бетакрор намуналари, қадриятларни улуғлаш, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашни тараннум этувчи янги услубдаги қизиқарли, мазмунли ва таъсирчан оммавий тадбирлар ўтказишга асосланган йўналишларни белгилаб берилганлиги билан янада муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қарорда 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси, соҳани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс марказининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига тегишли вазирлик, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказини ташкил этиш, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш учун сифат жиҳатидан янги ва қулай шарт-шароит яратиш, замонавий ахборот технологиялари асосида уларнинг илмий, таълим, ахборот ва маданий эҳтиёжларини қондириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ижтимоий мослашув ва реабилитация, мустақил таълим олиш ва мулоқот доирасини кенгайтириш усули сифатида ахборотдан фойдаланиш имкониятларини яратиш, фойдаланувчиларга ҳар қандай ташувчиларда (босма, мультимедиа ва рақамли), шу жумладан Интернет тармоғи ёрдамида сифатли ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш, ўзининг ахборот-ресурсларини яратиш ва уларни доимий тўлдириб бориш орқали китобхонларга анъанавий хизмат кўрсатиш усулидан уларни замонавий ахборот-кутубхона хизматлари билан таъминлашга ўтиш ва аҳолига масофадан ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни ривожлантириш ва модернизация қилиш асосий вазифа этиб белгиланди.

Мазкур қарорга мувофиқ кутубхона соҳасида мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш асосида турдош олий ўқув юртларига «Кутубхона-ахборот фаолияти» йўналиши бўйича ўқишга қабул квоталари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш юклатилганлиги келажакда соҳамиздаги кадрлар қўнимсизлиги муаммосини бартараф этишга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, шу жумладан ҳарбий қисмларда идоравий кутубхоналарни ташкил қилиш (такомиллаштириш), идоравий кутубхоналарнинг китоб фондини ва моддий техника базасини яратиш, янгилаш ва тўлдириш учун давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш белгиланди. Идоравий кутубхоналарнинг китоб фондини янгилаш ва тўлдириш учун зарур нашрлар рўйхатини ҳар йили шакллантириш механизмининг белгиланганлиги ҳам албатта ўзининг ижобий самарасини беради.

Айниқса, ушбу қарорда кўп минглаб кутубхоначиларнинг азалий орзуси ушланди, «Кутубхоначилар куни» белгиланиши билан республикамиздаги кутубхоначиларга Президентимиз катта эътибор қаратдилар. Яъни, ҳар йили 21 май Кутубхоначилар куни деб белгиланиб, бунда кутубхоначиларни кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва рағбатлантириш ўз аксини топганлигини ўқиб бошимиз осмонга етди. Албатта бу биз соҳамиз вакиллари учун катта эътибор, улкан рағбат, эътироф бўлибгина қолмасдан, балки юксак масъулиятдир. Мамлакатимизда «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шиори остида китобхонлик маданиятини ошириш, китоб мутолаасини янада такомиллаштириш орқали аҳолимиз ва айниқса ёшларимизни юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялашда кучли билим, малакали тажрибамиз ва мавжуд имкониятларни сафарбар этишга тайёрмиз.

Мустақиллик йилларида соҳамизга берилаётган эътибор ва мутахассислар фаолиятининг яна бир эътирофини жорий йилнинг 19 май куни “Central Asia – 2021: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XIV Халқаро конференцияси ва «Китоб ва мутолаа – жамият тараққиётининг стратегик ресурси» Ҳамдўстлик Форуми доирасида ахборот-кутубхона соҳаси ривожига, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратишга, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ҳамда бу йўналишда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтганлигида яққол кўришимиз мумкин.

«Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида тилга олинган қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 декабрдаги 803-сон қарорига кўра таъсис этилганлиги ҳам биз кутубхона мутахассислари учун жуда муҳим ва қувонарли воқеадир.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта кутубхоначилик соҳасида илк маротаба кўп йиллик виждонли, камтарона меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси учун 126 нафар кутубхоначи «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Ҳа, буларнинг барчаси энг олий неъмат мустақиллигимиз туфайлидир.

Зеро, Юртбошимиз сўзи билан айтганда «Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз». Халқимизнинг маънавиятини янада юксалтириш учун амалга ошираётган ишларимиз ўз ҳосилини бериб, бу соҳада эришган марраларимиз билан биз ҳеч кимдан кам бўлмасдан, энг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишимизда муҳим омил ҳисобланади. Мустақил диёримиз кўпгина манаман деган давлатлардан маънавий нуқтаи назардан, энг енгилмас кучга эга бўлди. Албатта, Юксак маънавиятли халқни ҳеч ким енга олмайди.

Ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган, мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётган, фарзандларимиз келажагига мустаҳкам замин яратаётган азиз ва мукаррам – Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Ҳафиза КАРИМОВА,

Тошкент шаҳар «Bilim»

ахборот-кутубхона маркази директори,

Маънавий-маърифий ишлар аълочиси