Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан 30–31 август кунлари Тошкент шаҳрининг барча туманларида кенг кўламли байрам сайллари ва концерт дастурлари ташкил этилади.
Пойтахт ҳокимлиги маълумотига кўра, тадбирлар уч вақтда бошланади. Кундузи соат 12:00 да Юнусобод туманидаги "Ўзэкспомарказ" майдонида байрам дастури старт олади.
Соат 18:00 дан эса бир қатор туманларда оммавий сайллар давом этади. Жумладан, Бектемир туманидаги "Cоcа Cola Garden" боғида, Миробод туманидаги "Фурқат" боғида, Сергели туманидаги Марказий хиёбонда, Олмазор туманидаги "River парк" майдонида, Учтепа туманидаги "ЭCО SEUL" боғида, Чилонзор туманидаги Dream Park (Ғафур Ғулом боғи)да, Шайхонтоҳур туманида "Наврўз" боғида ҳамда Янгиҳаёт туманида "Янги Дархон" МФЙ ҳудудидаги майдонда байрам дастурлари ўтказилади.
Кечки соат 19:00 да эса Мирзо Улуғбек туманидаги "Central Park" (Мирзо Улуғбек истироҳат боғи), Яшнобод туманидаги "Ашхобод" истироҳат боғи ва Яккасарой туманидаги "Дўстлик" истироҳат боғида концерт дастурлари бошланади.
Тадбирлар давомида таниқли санъаткорлар, фольклор жамоалари ва ёш истеъдодлар иштирокида концертлар бўлиб ўтади.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА