Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан қабул қилган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонга кўра, 523 нафар шахс афв этилди.
Давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсати ҳамда халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат ва кечиримлилик каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси бўлган мазкур ҳужжат жазо муддатини ўтаётган 34 нафар самарқандликка нисбатан ҳам татбиқ этилди.
Самарқанд вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бошқармаси маълумотларига кўра, афв этилганларнинг 10 нафари (9 нафари пробация хизматидан) асосий жазодан тўлиқ, 15 нафари асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди ҳамда 9 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.
Афв этилганларнинг 3 нафари 60 ёшдан ошганлар, 11 нафари ёшларни ташкил этади, 3 нафари аёллар.
Фармон ижроси юзасидан жойлардаги пробация бўлинмалари ходимлари, маҳалла еттилиги ҳамда масъул ташкилотлар вакиллари афв этилган шахсларнинг яшаш шароити, оилавий аҳволи ҳамда муаммоларини ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Мазкур шахслар тегишли тартибда ҳисобга олиниб, келгусида профилактик ишлар олиб бориш ва ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича уларнинг ҳар бирига ўзлари истиқомат қилувчи маҳаллалардан обрў-эътиборга эга бўлган шахслардан жамоатчи мураббийлар бириктирилди.
Шунингдек, авф этилган шахслар ҳудудий тиббиёт бирлашмалари ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлиғида муаммоси бўлган фуқароларга зурар тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири