Президентимизнинг 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан байрамга бағишланган тадбирлар бу йил “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя остида ўтказилади.
Пойтахтимиз аҳолиси, ёшлари ва меҳмонлар учун Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан Яккасарой туманида жойлашган “Мовий гумбазлар” сайилгоҳида туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди, дейилади Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази маълумотида.

Тадбир давомида марказнинг Ашула ва рақс ансамбли ҳамда туман маданият саройи ёш истеъдодли хонандалари томонидан концерт дастури ҳавола қилинди. Ҳарбий оркестр жамоасининг мусиқий ва кинологларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Шунингдек, “Тошкент зеболари” рақс дастаси репертуарларидан томошабинлар баҳраманд бўлишди.

Ўзбек жанг санъати спортчи ўғил қизлари томонидан кўргазмали ҳаракатлар, ютуқли ўйинлар, эртак қаҳрамонларининг чиқишлари ташкил этилди.


Жойларда байрамни муносиб қарши олиш учун қатор кўрик-танловлар, концерт дастури уюштирилмоқда. Буларнинг барчаси юртимиз аҳолиси ва ёшларимиз онгида юртга садоқат, бугунги кунларга шукроналик туйғуларини юксалтириб бораверади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА