Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик - барча эзгу режа ва марраларимизнинг мустаҳкам кафолати
18:43 / 2023-08-28

Мустақил Ўзбекистон давлатининг дунё харитасидан ўрин эгаллаганига 32 йил бўлди. Тарихан қисқа давр ичида кучли демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида дадил қадамлар қўйилди. Муҳими, Янги Ўзбекистон қиёфасини яратишга қаратилган изчил ислоҳотлар давом этмоқда.

Бугун юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз.  Биз бугун тарихий бир даврда – халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор, ўз куч ва имкониятларига таянган ҳолда улкан натижаларни қўлга киритаётган замонда яшамоқдамиз.

Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани сари юрагида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси шаклланиб боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади. 

Шунинг учун ҳам халқимиз маънавиятини юксалтиришда айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилмоқда. Миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат каби қадриятларни авайлаш билан бирга ўзимизга хос урф – одатларнинг энг яхши томонларини ривожлантиришга эътибор кучайди. Буларнинг ҳаммаси мустақиллик туфайлидир. 

Мустақиллик миллатимизнинг миллат, халқимизнинг халқ бўлиб жаҳонда танилиши, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида тан олинишига йўл очди. Бугун Истиқлолимиз билан бирга туғилган йигит-қизлар ўттиз икки ёшни қаршиламоқда. Улар озод юртнинг фарзандлари. Бу улуғ қадрият ва уларга яратилган шарт -шароитлар ортида мислсиз курашлар ва матонатли ҳаракатлар мужассам. 

Бир сўз билан айтганда, мустақиллик ва истиқлол тушунчалари ҳар биримизнинг онгу шууримизга сингиши ва бугунги тинч, хотиржам, обод ва фаровон ҳаётимизнинг пойдеворини кўз  қорачиғимиздек асрашимиз, уни мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. 

 

А.Мамараимов,

Тошкент шаҳар судининг 

иқтисодий ишлар бўйича судьяси.

ЎзА