French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллигимиз абадий бўлсин
18:42 / 2023-08-29

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида юқори кўтаринкилик билан нишонламоқда. “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирлари юртдошларимизнинг байрам кайфиятини кўтармоқда.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида Хўжаобод туманида бўлиб ўтган байрам тадбири хўжаободликлар ва туман меҳмонларига кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.

Юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Янги-янги уй-жойлар, боғча, мактаб, стадионлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, қишлоғу шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшмоқда.  

Бу албатта, мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик, иқтисодиётни ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир. Жумладан, кейинги йилларда Хўжаобод туманида ҳам кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бугун туманда бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.  

Маҳаллалар, меҳнат жамоалари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирокида туман марказидаги стадионда бўлиб ўтган байрам тадбирида туман ҳокими Ўткирбек Шукуров сўз олиб, барчани мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллик байрами билан муборакбод этди.  

– Она Ватанни севиш, истиқлолни улуғлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш кейинги йилларда давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди, – дейди Хўжаобод тумани ҳокими Ў. Шукуров. –  Халқимизнинг асрлар давомидаги орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Мустақиллик байрами эса янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди. Шунинг учун ҳам ушбу энг улуғ, энг азиз байрамни халқимиз юқори кўтаринкилик билан нишонламоқда.  

[gallery-13315]

Спортчилар ҳамда ўқувчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари билан бошланган байрам тадбири куй ва қўшиқларга уланиб кетди.  

– Байрам тадбири мен каби барча хўжаободликларга кўтаринки кайфият улашмоқда, – дейди туманнинг Бобур маҳалласи, Гулобод кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Ҳалимахон Хуруллаева. – Улкан неъмат мустақиллик туфайли жуда катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўляпмиз. Ёшим етмишдан ошди, очиғи, кейинги бир неча йил ичида маҳалламиздаги, туманимиздаги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан ақлим шошиб қолмоқда. Ҳар қадамда ўзгариш, янги қурилиш. Қисқа муддатда барпо этилаётган бир-биридан чиройли биноларни кўриб, шу кунларга етказганига шукр қиламан. Илоҳим юртимиз тинч бўлсин, мана шундай хайрли ишлар бошида турган юртбошимиз омон бўлсин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин.  

Таниқли санъаткорлар, қўшиқчилар, бадиий жамоалар, болалар ансамбллари томонидан намойиш этилган бадиий дастурлар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди. 

– Юртимизнинг энг бахтли ёшларидан бириман, – дейди тадбир иштирокчиси тумандаги 16-давлат мактабгача таълим ташкилоти мусиқа раҳбари Дилхумора Остонамирзаева. – Юртимизда биз, ёшлар учун ўз имкониятларимизни юзага чиқаришда барча шароитлар яратиб берилган. Мен мана шундай бағрикенг, обод юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Ҳеч қачон ўзимни шу юртдан айро тасаввур қила олмайман. Бугунги Мустақиллик байрами тантаналарида иштирок этиб, ана шу туйғуни янада чуқурроқ ҳис этдим. Мустақиллигимизга асло кўз тегмасин.  

Юқори кўтаринкилик билан ўтказилган байрам тадбирлари туман аҳолиси руҳияти ва кайфиятини кўтариш билан бирга, уларнинг қалбида шукроналик, истиқлол ғояларига ҳурмат ва садоқат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.  

Мустақиллик байрами тадбирлари Андижон вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида юқори кўтаринкилик билан давом этмоқда.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА