ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон вилояти Асaка туманидаги 36-умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб маънавий-маърифий йўналишдаги “Келажак соати” дарси ташкил этилди. Дарс мактабнинг 2- ва 10-синфларида “Ўзбекистон байроғи” мавзусида очиқ дарс шаклида ўтказилди.
Бугунги кунда мазкур таълим масканида 1210 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 107 нафар малакали ўқитувчи ва мураббий таълим-тарбия бериб келмоқда. Очиқ дарснинг асосий мақсади ўқувчиларга Ўзбекистон байроғининг тарихи, ундаги рамзлар мазмуни ва давлат рамзларига ҳурмат тушунчаси ҳақида асосий маълумотларни бериш, ёшларда миллий ва умуммаданий қадриятларга ҳурмат, масъулият ва ҳамжиҳатлик туйғуларини шакллантиришдан иборат бўлди.
Дарс давомида ўқувчиларга байроқнинг қабул қилиниши, ундаги ранглар ва белги-нишонларнинг тарихи ҳақида мультимедиа воситалари асосида тушунчалар берилди. Интерактив савол-жавоблар, фикр алмашиш ва амалий топшириқлар ёрдамида ўқувчиларнинг мавзуга бўлган қизиқиши янада оширилди.
[gallery-26314]
- Бугунги дарснинг асосий мақсади — болалар онгига байроғимизга ҳурмат туйғусини чуқур сингдириш, - дейди халқ таълими алочиси, ўқитувчи Орзигул Абдураҳимова. - Байроқ — бизнинг мустақиллигимиз, тинчлигимиз ва истиқлол тимсолидир. Дарс давомида ўқувчилар ранглар ва рамзларнинг маъносини билибгина қолмай, давлат рамзларининг халқимиз ҳаётида тутган ўрнини ҳам англаб олдилар. Бундай дарслар ёш авлод онгида миллий ғурур ва Ватанга садоқат туйғусини кучайтиради.
Тадбир якунида ўқувчилар ўрганган билимларини умумлаштириб, давлат рамзларини ардоқлаш ва уларга ҳурмат ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини таъкидладилар. Бу каби маънавий-маърифий дарслар ёшларни ватанпарварлик, масъулият ва фаол фуқаролик позицияси руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА фотомухбири
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ олган суратлар.