Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақил касб ўрганаётган аҳоли учун малака сертификатлари тизими жорий этилади
15:17 / 2026-03-02

Мамлакатимизда бандликни ошириш ва аҳоли касбий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар давом этмоқда.

Эндиликда мустақил касб ўрганаётган, эҳтиёжманд ва банд бўлмаган шахслар малака сертификатларини олиш орқали ўз касбий билим ва кўникмаларини расмий тарзда тасдиқлай оладилар.  

Ушбу вазифа Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида белгилаб берилди.

Фармонга мувофиқ, ҳар бир ҳудуднинг саноат, ихтисослашув ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги эҳтиёжлари асосида 24 та малакани баҳолаш маркази ташкил этилади. Марказларда меҳнат бозорида долзарб бўлган камида икки касб бўйича малака сертификатларини бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, эҳтиёжманд, ишсиз ва банд бўлмаган шахслар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ваучер тизими орқали малака баҳолаш хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўладилар. Бу орқали улар ўз касбий салоҳиятини ошириш ва малакали кадр сифатида шаклланиш имконига эга бўлади.

Мазкур тизим доирасида 60 та долзарб касблар бўйича касбий имтиҳон учун баҳолаш воситалари ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилади. Шу билан бирга, тармоқ кенгашлари томонидан тайинланган 120 нафар баҳоловчи экспертларнинг малакаси оширилади ва экспертлар корпуси шакллантирилади. Улар малака баҳолаш жараёнининг адолатли ва самарали бўлишини таъминлайди.

Ҳужжатга кўра, тизимни жорий этиш жараёни 2026 йил 1 мартдан бошланиб, 1 июлдан тўлиқ ишга туширилади.  

Амалга ошириш жараёнида тармоқ кенгашлари, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий малака тизимини ривожлантириш институти, Касбий таълим агентлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА