English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустаҳкам тинчлик ва тараққиётга даъват
16:56 / 2023-09-22

        Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи дунё экспертлар ҳамжамияти ва сиёсий арбобларидаврасида катта қизиқиш уйғотди.

         Президентимиз халқаро муносабатлар тизимидаги фундаментал ўзгаришларга таъриф берар экан, аниқ ва лўнда иборалар билан қуйидагиларни қайд этди: «...Жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилмоқда. Глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаймоқда. Буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилмоқда».

         Мамлакатимиз раҳбари, шунингдек «…бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда» дея қайд этди.

         Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида яна бир бор ўтган йили илгари сурилган умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни тилга олиб, асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат эканини таъкидлади. 

         Давлатимиз раҳбари томонидан тилга олинган стратегик мақсад ва вазифалар биринчи навбатда яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва янада очиқлик йўлида жадал ривожланаётган Марказий Осиё минтақасига тегишлидир.

         Дунё ҳамжамиятининг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда кечаётган трансформация жараёнларига қизиқиши бежиз эмас. Зеро, Янги Ўзбекистон раҳбарияти саъй-ҳаракатлари ва қўшни мамлакатлар етакчилари билан ҳамкорлик туфайли сувдан фойдаланиш, транспорт йўлаклари, давлат чегаралари билан боғлиқ кўп йиллик муаммоларни ҳал қилишга муваффақ бўлинди.

         Ўзбекистон ва минтақа давлатларининг бутун дунё учун очиқлиги сиёсати Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарор, тинч тараққиётини таъминлаш, ушбу минтақа халқларининг бирлашиши ва фаровонлигини таъминлашнинг асосий шартига айланиб бормоқда.

         Ўзбекистон раҳбари минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси, муштарак ўтмиш ва умумий келажак, минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришнинг реал йўллари ҳисобланган ҳаётий муҳим манфаатлар мос келишини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. «Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади», – дея қайд этди давлатимиз раҳбари.  

         Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида, шунингдек, йиғилиш иштирокчилари эътиборини экологик муаммолар, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, иқлим ўзгариши, сувдан фойдаланиш муаммолари, “яшил” тараққиёт, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва мамлакатимизнинг ушбу муаммоларни ҳал қилишга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлигига қаратди.

         Экстремизм тарқалишининг олдини олиш, халқаро терроризм ва ёшларнинг радикаллашувига қарши курашиш муаммолари, қўшни Афғонистондаги вазиятга тўхталар экан, давлатимиз раҳбари нафақат Бош Ассамблея иштирокчилари, балки дунё эксперт ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотган бир қатор салмоқли ташаббусларни илгари сурди. Президентимиз сўзи якунида: «Мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкин. Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур», дея таъкидлади.  

         Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида билдирилган ташаббус ва таклифлари нафақат ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий, давлат ва жамоат ташкилотлари, илм-фан, маданият ва таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, шунингдек, юқори ва ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ЖИДУ қошидаги Дипломатик академия фаолиятига ҳам кучли туртки бериши шубҳасиз. 

Рустам Жумаев,  
ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академия 
Халқаро муаммоларни амалий таҳлил қилиш кафедраси мудири,
сиёсий фанлар доктори, профессор.

ЎзА