Навоий вилояти Зарафшон шаҳри ҳокимлигида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, судларга мурожаат қилиш тартиби, оилавий ажримларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланган “Оила – жамият негизи” мавзусида ҳуқуқий-тарғибот тадбири ўтказилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан вилоят бўйича 432 нафар ёшга нисбатан 356 та жиноят иши мазмунан кўриб ҳал этилган. Уларнинг 19 нафарини вояга етмаганлар ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан шахс сони 55,9 фоизга, иш сони эса 57,5 фоизга ошган. Ушбу даврда 91 нафар аёлга нисбатан 73 та жиноят иши кўрилган. Иш сони 4 тага ёки 5,7 фоизга, шахс сони 18 тага ёки 24,6 фоизга ошган. Навоий вилоят фуқаролик судлари томонидан эса оила низолари билан боғлиқ кўрилган ишлар сони 2779 тани ташкил этиб, бу ўтган йилнинг 9 ойига нисбатан 929 тага кўп дегани.

Тадбирда Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов, Навоий вилоят суди судьяси Н.Расулов, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси А.Шукуров, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров айни вақтда оилавий ажримлар кўпайиб бораётгани, бунинг ортидан кўплаб вояга етмаган ёшлар ота ёки она меҳридан бебаҳра қолаётгани, натижада уларнинг тарбияси, дунёқараши ва хулқига салбий ўзгаришлар юз бераётганлиги айтилди. Мазкур салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ёшларни оила қуришга тайёрлаб, шундан сўнггина никоҳ расмийлаштирилиши мақсадга мувофиқ эканлиги, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида судлар ва маҳалла фуқаролар йиғини ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги ҳақида сўз борди.

– Ҳуқуқий тарғибот тадбирининг таъсирчанлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан оилавий нотинчликнинг оқибатлари ва унинг фарзанд тарбиясига салбий таъсири юзасидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси Анвар Шукуров. – Шунингдек, иштирокчиларга судларга мурожаат қилишда фуқароларнинг турли кўринишдаги оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида судларга мурожаат қилиш бўйича намуналар тўплами тарқатилди.
Тадбирда иштирокчилар судьялардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Абдували Бўриев, ЎзА