Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустаҳкам оила ва барқарор жамият сари янги қадам
11:52 / 2026-01-09

2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” муносабати билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Соғлом фикр – соғлом жамият” лойиҳасига старт берилди.

Мазкур лойиҳа янги оила қурган ҳамда оила қуриш арафасида бўлган ёшлар ўртасида партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишларни, хусусан, миллий қадриятларни асраш, мустаҳкам оила институтини ривожлантириш ва маънавий барқарор жамиятни шакллантириш ғояларини кенг тарғиб этишни мақсад қилган.

Лойиҳа доирасида Навоий гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳамда Сафарбарлик чақируви резерви батальонида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда партия вилоят Кенгаши ходимлари, партиядан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққан партия фаоллари жамиятда оилавий ажримлар ва носоғлом муносабатларнинг ортиб боришига олиб келаётган омиллар ҳақида сўз юритиб, оилада эркак кишининг масъулияти, унинг оила посбони сифатидаги ўрни, шунингдек, фарзандлар тарбиясидаги ўрни ва ролини алоҳида таъкидлади.

– Аёлга фақат уй-рўзғор юмушларини бажарувчи шахс сифатида эмас, балки соғлом ва баркамол авлодни тарбияловчи, жамият тараққиётида муҳим ўрин тутадиган инсон сифатида муносабатда бўлиш зарур, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Очилова. – Оилада аёлнинг ўрни ва мавқеи қанчалик юксак қадрланса, фарзандлар тарбияси ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Зеро, онанинг маънавий салоҳияти, билим даражаси ва дунёқараши келажак авлоднинг шаклланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис, аёлларнинг замонавий билимларни эгаллаши, ўз устида ишлаши ҳамда маънавий камол топиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш нафақат оила барқарорлиги, балки жамият тараққиётини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Аёлнинг жамиятдаги фаоллиги, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши эса соғлом фикр ва юксак маънавиятга эга авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Тадбир якунида мазкур йўналишдаги маънавий-маърифий ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши, кенг жамоатчиликни қамраб олган ҳолда ташкил этилиши белгилаб олинди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири