Ўзбекистоннинг асосий бойликларидан бири - кўп миллатли халқи. Зеро, заминимизда барча миллат вакиллари учун яратилган тенг турмуш шароити уларга меҳнат ва ижод қилиш, таълим олиш, касб танлаш, шунингдек мамлакатнинг жамоавий, ижтимой-иқтисодий, сиёсий ҳаётида иштирок этиш имконини беради.
Кўп минг йиллик мустаҳкам илдизга эга Ўзбекистон – Озарбайжон ўртасидаги ўзаро муносабат умумий тарихга, ягона динга, миллий, маданий ва маънавий қадриятлар ўхшашлигига, тил ва этник умумийликка асосланади. Икки халқнинг маданияти, тили, анъаналари шу қадар бир-бирига яқинки, айни жиҳатлар давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзаро муносабатнинг янги босқичи давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар жадал ривожланишида акс этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 40 мингдан зиёд озарбайжон жамиятнинг фаол аъзолари сафидан ўрин олган. Уларнинг миллий анъанаси, урф-одати ва қадриятини асраб-авайлаш, ривожлантириш мақсадида Республика Озарбайжон миллий маданий маркази фаолият юритиб келмоқда.
Илк бор Тошкент шаҳри “Гардашлик” озарбайжон миллий маданий маркази сифатида 1989 йил ташкил этилган тузилмага кейинчалик Самарқанд ва Бухородаги бўлимлар қўшилди. 2003 йилга келиб, ушбу жамоалар негизида Республика озарбайжон миллий маданий маркази тузилди. Бугунги кунда мажмуамиз мамлакатнинг олти минтақасидаги бўлимлар ишини мувофиқлаштиради.
Марказнинг асосий мақсади ва вазифаси озарбайжон халқининг маданияти, анъанаси, урф-одати, тарихи ва тилини сақлаган ҳолда, миллий-маданий соҳалардаги ҳамкорликни янада равнақ топтириш, икки халқ ҳамжиҳатлиги, тинчлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат.
Кўплаб озарбойжонлар миллатлараро тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун давлат мукофотлари билан тақдирланган. Бу ҳукуматимиз томонидан турли миллат вакилларига нисбатан алоҳида эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Жамоатчилик асосида фаолият кўрсатаётган озарбайжон миллий маданий маркази икки қардош эл орасидаги абадий дўстлик ва яқин ҳамкорлик риштасига айланган.
Биз Ўзбекистондай бағри кенг, жаннатмонанд юртда бошқа миллат вакиллари қатори туғишган ўзбек халқи билан оға-ини бўлиб, тинч-тотув, аҳил яшаб, Ватанимиз равнақи, юксалиши йўлида астойдил меҳнат қилиб келмоқдамиз.
Бу йил буюк давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллик ҳамда Республика озарбайжон маданият марказининг 20 йиллик юбилейлари ўзбек заминида ҳам улкан тантана сифатида кенг нишонланди. Бу воқеа ўзбек ва озар халқлари дўстона муносабатини янада мустаҳкамлаш сари қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди, десам муболаға эмас.
Кеча давлатимиз раҳбари Озарбайжон Республикаси Боку шаҳрига етиб борди. Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури биринчи саммитида иштирок этади.
Тадбир кун тартибидан дастур доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун мақсадли фонд ташкил этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш учун “Йўл харитаси” қабул қилиш , ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш каби долзарб масалалар ўрин олган.
Умуман, БМТ Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури – СПЕКА минтақа мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида таъсис этилган. Ишончимиз комилки, бу галги ташаббуслар ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқани кенгайтириш билан бирга ўзаро дўстлик, қардошлик, ҳамкорлик риштасини янада мустаҳкамлашга ҳам замин яратади.
Мобил Мамедов,
Республика озарбайжон миллий
маданият маркази раиси