Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мустақиллик берган имкониятлар самараси
16:49 / 2016-08-01

Мустабид тузум даврида иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, хомашё етказиб берувчи аграр республика ҳисобланган Ўзбекистон атиги чорак асрда барчанинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлаётган беқиёс ўзгариш ва янгиланишларга эришди.

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик шодиёналарига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда халқимиз босиб ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, бугунги фаровон кунлар, улкан ютуқ ва марралар замирида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассам экани намоён бўлади.

Президентимизнинг жорий йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, олдин тасаввур қилиш ҳам мушкул бўлган бундай оламшумул натижаларнинг асосий омилини, авваламбор, тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ҳамда машаққатли синовларни енгиб ўтишда одамларимиз, бутун халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганида кўриш мумкин.

Мустабид тузум даврида иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, хомашё етказиб берувчи аграр республика ҳисобланган Ўзбекистон атиги чорак асрда барчанинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлаётган беқиёс ўзгариш ва янгиланишларга эришди. Чунончи, мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб 6 баробар ошгани, унда саноатнинг улуши 34 фоизга етиб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан кўпроқ ортгани, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар ҳажми 70 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани йўл бошидаёқ Президентимиз раҳнамолигида ҳар томонлама пухта ўйланган оқилона сиёсат самарасидир.

Мамлакатимиз саноатининг байроқдори

Мустақиллик шарофати ва Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди. Буни Навоий кон-металлургия комбинати эришган улкан муваффақиятлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Кон-металлургия ишлари – мураккаб соҳа. Бу касб кишидан катта ирода, бардош талаб этади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Президентимизнинг кончиларга кўрсатган эътибори ва ғамхўрлиги соҳа фидойилари олдига қўйилган вазифаларни юқори даражада бажаришида доимо куч ва мадад бўлди. Улкан ишлаб чиқариш ресурсларига эга комбинатда техник ва технологик модернизация жараёнлари жадал амалга оширилди, натижада корхона жаҳон бозорида ҳам салмоқли ўрин эгаллади.

Ўзбекистонда аниқланган қимматбаҳо қазилма бойликлар захирасининг 85 фоизи Навоий кон-металлургия комбинати ҳиссасига тўғри келади. Шу боис комбинатни ҳақли равишда мамлакатимиз иқтисодиёти ҳамда ерости бойликлари қазиб олиш соҳасининг байроқдори, дейиш мумкин.

Бугунги комбинат кечаги завод эмас

Маълумки, мустабид тузум даврида Қизилқумдан қазиб олинган барча бойликлар марказга ташиб кетиларди. Ўтган асрнинг 80-йиллари охири ва 90-йиллар бошига келиб комбинат молиявий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолган, техника ва асбоб-ускуналар маънан эскирган, кончиларнинг эртанги кунга ишончи йўқолган эди.

Президентимиз Ислом Каримов 2015 йилда Навоий вилоятига ташрифи чоғида “Иқтисодиётимиз локомотиви бўлган Навоий кон-металлургия комбинатини эл-юртимиз манфаатлари йўлида ишлатиш учун мустақилликнинг дастлабки йилларида – ўта оғир ва мураккаб даврда сизлар билан бирга қандай катта ишларни амалга оширганимизни, ўйлайманки, кўпчилик яхши билади”, деб таъкидлади.

Дарҳақиқат, юртимизда 90-йиллар бошидаги турли иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан, давлатимиз раҳбари комбинатнинг келгуси истиқболи ва ривожланишига алоҳида эътибор қаратди. Президентимиз ташаббуси билан Навоий кон-металлургия комбинатига йирик субсидиялар ажратилди. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада кўпайтириш, барча бўлинмаларни илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш, янги корхоналарни ишга тушириш имкониятини яратди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги молиявий қийинчиликларга қарамасдан, ҳукуматимизнинг 1992 йилда қабул қилган Зарафшон-Учқудуқ минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва НКМК корхоналари ишларини барқарорлаштиришга йўналтирилган қарори комбинат тарихида янги даврни бошлаб берди. Ушбу ҳужжат асосида 1995 йилда Учқудуқда 3-гидрометаллургия заводи барпо этилгани ва Кўкпатас ҳамда Давгизтов конлари ишга туширилгани кончиларга янада куч-ғайрат бағишлади, эртанги кунга ишончини оширди. Олтин маъдан конларининг бирлашган хомашё базасида 2008 йилдан бошлаб инвестицион лойиҳалар асосида бир неча замонавий объектлар қурилди. 3-гидрометаллургия заводида сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш усулида қайта ишлаш технологиясининг муваффақиятли жорий этилиши комбинат муҳандис-техникларининг катта ютуғи ҳисобланади.

Марказий кон бошқармасида олтинни уюмда эритмага ўтказиш мажмуаси барпо этилди. Комбинат бўлинмаларининг портловчи моддаларга бўлган талабини қондириш учун “Мурунтов” кони ёнида эмульсион портловчи моддалар заводи қурилди. Комбинат муҳандислари 1994 йилдан уранни ер остида эритмага ўтказиш усулида қазиб олишнинг янги технологиясини биринчи бўлиб амалда қўллади.

2002 йилда комбинатнинг Жанубий кон бошқармаси таркибига “Зармитан” ва “Маржонбулоқ” олтин қазиб олиш конлари киритилди. 2010 йилда Самарқанд вилояти Қўшработ туманида мустақиллик йилларида барпо этилган иккинчи йирик саноат мажмуаси – 4-гидрометаллургия заводи ишга туширилди. Ушбу завод қурилиши билан Зармитан ҳудуди инфратузилмасида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Янги уй-жойлар, маданият ва спорт иншоотлари бунёд этилди.

Мустақилликнинг дастлабки давридаги қийинчиликларга қарамасдан, Учқудуқда 3-, Қўшработ туманида 4-гидрометаллургия заводлари ҳамда Қизилқум фосфорит мажмуалари барпо этилгани қатор давлатларнинг юксак эътирофига сзовор бўлди. Истиқлол шундай имкониятлар яратиб бердики, бугунги комбинат энг замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ташкилий, ишлаб чиқариш ва самарадорлигига кўра олдингисидан мутлақо фарқ қилади.

2011 йилда “Мурунтов” конида қуввати бўйича жаҳонда ягона, унумдорлиги соатига 3000 тонна, қиялик бурчаги 37 градус, кўтариш баландлиги 270 метрни ташкил этадиган тик-қия конвейери (“КНК-270”) нинг ишга туширилиши комбинат ҳаётида муҳим воқеа бўлди. КНК-270 мажмуаси барпо этилгани коннинг жануби-шарқий ва шарқий бортларидаги захираларини очиш бўйича кон ишларини янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. Амалдаги кон-техникавий вазият ва кончилик ишларининг ҳолатидан келиб чиқиб, очиш схемасининг оптимал варианти аниқланди ҳамда “Мурунтов – Мутенбой” бирлашган конининг чегараларига тузатишлар киритилди. Бу конда ишлашнинг бешинчи навбати лойиҳасининг иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги чуқурликни 950 метргача етказиш имконини беради.

Комбинатнинг кон-транспорт жиҳозлари ва техникаларини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мустақиллик йилларида “Мурунтов” карьерида юк кўтариш қуввати 220 тоннагача бўлган автоағдаргичлар, кончилик ишлаб чиқаришини автоматлаштирилган технологик тайёрлашнинг компьютер тизими, массивнинг геологик тузилмасини сақлаган ҳолда кўп қаторли портлатишлар жорий этилди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг дастлабки ўнталигига кирди. Қувонарлиси, мамлакатимиз нафақат қимматбаҳо металлнинг улкан конларига эга, балки энг тоза ва юқори сифатли олтин ишлаб чиқармоқда. 999.9 пробали Қизилқум қуймалари жаҳоннинг қимматбаҳо металлар биржаларида Ўзбекистоннинг ишонч ёрлиғига айланди. Хусусан, 1999 йилда нуфузли Токио биржаси томонидан Зарафшон олтинига сифат сертификати берилиши ва дунёнинг “Олтин эталони” деб тан олиниши Президентимиз раҳнамолигида соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.

Модернизация ва янгиланишлар самаралари

Навоий кон-металлургия комбинатини 2010-2015 йилларда замонавийлаштириш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш дастурига мувофиқ, умумий қиймати 1 миллиард 68 миллион 200 долларга тенг 29 лойиҳа амалга оширилди.

Комбинат нафақат олтин, кумуш, уран каби нодир металлар, балки халқ хўжалиги учун зарур маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқармоқда. Жумладан, 1998 йилда Қизилқум фосфорит мажмуасининг фойдаланишга топширилиши билан фосфорит хомашёсини қазиб олиш ва ундан кимё соҳасида минерал ўғитларга қайта ишланадиган фосфор концентратини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Президентимизнинг 2013 йил 23 майдаги “Фосфорит хомашёсини ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, фосфорит хомашёсини бойитиш ишлари амалга оширилди. Бу ювилган, пиширилган фосфорит концентрати ишлаб чиқариш қувватини деярли икки баробар – йилига 400 минг тоннадан 716 минг тоннагача ошириш имконини берди. Натижада фосфор хомашёси ишлаб чиқариш 1998 йилга нисбатан қарийб 10 баробар ортди.

Комбинат бўлинмаларида поливинилхлорид ва полиэтилен қувурлар, суюқ шиша, темир сульфати, темир купороси, сульфат кислоталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Биргина “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан маҳаллийлаштириш дастури асосида йилига 140 миллиард сўмлик турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Кейинги йилларда мазкур завод комбинат эҳтиёжларидан ташқари мамлакатимизнинг қатор йирик корхоналарига 60 дан ортиқ турдаги импорт ўрнини босадиган юқори эҳтиёжли маҳсулотлар етказиб бермоқда.

Навоий кон-металлургия комбинати маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро кооперация алоқаларини янада кенгайтирмоқда. 1991 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 6 миллиард 300 миллион сўмлик маҳсулот харид қилинган бўлса, 2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида 686 миллиард сўмликдан ортиқ импорт ўрнини босадиган маҳаллий маҳсулотлар харид қилиш бўйича шартномалар тузилди.

Инновация истиқболлари

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори илм-фан ютуқлари ва янги технологияларни амалиётга жорий этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, комбинатда кейинги йилларда илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳалар ҳажми 2008 йилдаги 1,3 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмга ёки 15 баробар ошди.

Комбинатда маҳсулот таннархини пасайтириш, саноат харажатларини қисқартириш мақсадида самарадорлиги юқори ва энергия тежамкор технологиялар босқичма-босқич жорий этилмоқда. 2001 йилдан бошлаб умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига 2537 Гкал бўлган 1920 гелиоколлектор ўрнатилди. Бу корхонада йилига 2 миллион 900 кВт.соат электр энергияси тежалишини таъминламоқда. 2019 йилга қадар яна умумий майдони 1357 м2, қуввати 730 минг кВт.соат бўлган 590 гелиоколлектор қуриш кўзда тутилган.

Ўтган йили геология-қидирув партияларини электр энергияси билан таъминлайдиган иккита фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Бунинг самарасида йилига 40 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилаётир. 2017-2019 йилларда умумий қуввати 3 МВт. бўлган фотоэлектр станциялар жорий этиш борасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Комбинатнинг “Дўстлик” агрофирмасида 2013 йилдан буён биогаз қурилмалари ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўлга қўйилди ва бу йилига 210 минг метр куб биогаз ишлаб чиқариш имконини бераётир.

Шимолий кон бошқармасида иккиламчи пардан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида қуввати 6 МВт.соат бўлган буғ турбинаси ишга туширилиши туфайли атмосферага чиқариб юборилган ортиқча иссиқлик энергиясидан (пардан) фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва бу йилига 6-7 миллиард сўмга яқин фойда келтиради.

Комбинат мамлакатимиздаги кўплаб илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари билан янги технологияларни жорий этиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Германия, Швеция, Россия ва бошқа давлатлар билан яқин илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу фундаментал, амалий, инновацион тадқиқотларни жадал олиб бориш, уларни амалиётга жорий этиш, пировардида фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро уйғунлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Комбинатнинг энг катта бойлиги

Бугунги кунда комбинатда қарийб 60 минг ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Раҳбар ва мутахассисларнинг 2 нафари фан доктори, 33 нафари фан номзодидир. Барча объектларни малакали ёш мутахассислар ва юқори малакали ишчи-ходимлар билан таъминлаш, кадрлар тайёрлаш доимий эътиборда бўлиб келмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида олий ўқув юртларининг илмий салоҳияти ва нуфузини ошириш, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, таълим сифатини юксак халқаро талаблар даражасига кўтариш, талабаларнинг ўзлари қизиққан соҳада ўқиб изланиши учун замонавий шароитлар яратишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Навоий давлат кончилик институти ҳам кончилик, металлургия, электр энергетикаси, кон электромеханикаси каби йўналишлар бўйича комбинатга малакали кадрлар тайёрлаб берадиган даргоҳлардан биридир. Институтнинг икки минг ўринга эга замонавий янги ўқув бинолари қурилиши якунланди. Ишонч билан айтиш мумкинки, яқин келажакда институтда нафақат фарзандларимиз, балки хорижлик ёшлар ҳам таҳсил олади. Бошқача айтганда, энди бизнинг ёшларимиз илм истаб ўзга юртларга бормайди, аксинча, чет эллик ёшлар Ўзбекистонга ўқиш, ўрганиш учун келади.
Фаровон ҳаёт – юксалишлар белгиси

Халқимиз дуога қўл очар экан, авалло, тинчлик, саломатлик ва фарзандлари камоли, бахтини тилайди. Президентимиз раҳнамолигида “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун” деган тамойил асосидаги мустақил тараққиёт йўлимизнинг самараси бугунги кунда ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида ўз ифодасини топмоқда.

Комбинат ишчи-ходимларининг яшаш шароитларини янада яхшилаш мақсадида Зарафшон шаҳрида 36, Учқудуқ туманида 12 кўп хонадонли, Зафарободда 10 ободонлаштирилган коттежлар ва ёш мутахассислар учун ётоқхона, Заркентда 8 кўп хонадонли уй ҳамда 4 ётоқхона қурилди. Қарийб 900 нафар ишчи-ходим қишлоқ жойларида намунавий лойиҳадаги турар жойларга эга бўлди. Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод ва Маржонбулоқ шаҳарларида спорт мажмуалари, маданият муассасалари қад ростлади.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ҳамда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида комбинатга қарашли Қўшработ туманининг Заркент посёлкасида болалар аквапарки ва 44 хонадонли турар жой, “Металлург” профилакториясининг даволаш корпуси, Нурободдаги балнеологик профилактория, “Фарҳод” маданият саройининг хореография заллари фойдаланишга топширилади. Жорий йилда Зарафшон шаҳридаги 3-тиббий-санитария қисми базасида замонавий жиҳозланган “Она ва бола” минтақавий скринг-марказини барпо этиш режалаштирилган.

Мустақиллик йилларида “Чорвоқ” сув омбори қирғоғида “Паҳлавон” спорт-соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилгани комбинат ишчи-хизматчилари фарзандларининг соғлом улғайишига хизмат қилмоқда. “Металлург”, “Шахтёр” санаторий-профилакториялари, “Зарафшон” пансионати ва “Тўдакўл” дам олиш базасида замонавий шароитлар яратилган.

Комбинат ходимларини сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун Кармана тумани ҳамда Зарафшон шаҳрида тухум ва гўшт йўналишидаги паррандачилик фабрикалари фаолият кўрсатмоқда. Нурота туманида 100 гектар майдонда интенсив боғ яратилди. Жиззах вилоятининг Зомин туманида 1600 гектар ерда полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Эртанги кунга юксак ишонч билан

Истиқлол йилларида бой минерал-хомашё базаси, юқори малакали мутахассислар мавжудлиги, мураккаб шароитда ҳам конларни ўзлаштиришда замонавий технологияларни жорий этиш Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг ўрни ва аҳамиятини нафақат Ўзбекистон иқтисодиёти, балки жаҳоннинг йирик кон-металлургия компаниялари орасида ҳам янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси бундай улкан ютуқларга Президентимиз Ислом Каримовнинг доимий эътибори ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли эришмоқда. Ўтган чорак аср давомида Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, энг илғор технологияларни жорий этиш, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари тинч, фаровон ва эртанги кунга катта ишонч билан яшаши, меҳнат қилиши учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Қувондиқ Санақулов,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори,
Ўзбекистон Қаҳрамони.