Жорий йилнинг февраль ойида Президентимиз раҳбарлигида Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўзбек спортининг янги авлодини камолга етказиш мақсадида мутасаддилар зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган эди.
Йиғилишда 15-17 ёшли навқирон авлод вакиллари спортнинг бокс, дзюдо, таэквондо WT, оғир атлетика, юнон-рум ва эркин кураш, енгил атлетика, стол тенниси, бадиий гимнастика, баскетбол спорт турлари бўйича уч босқичли “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақаларини ташкил этиш белгилаб берилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг ана шу топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақаларининг таэквондо WT ҳамда енгил атлетика спорт турлари бўйича ўтказилаётган минтақавий баҳслари кескин ва муросасиз курашлар остида ўтмоқда.
Жумладан, вилоят марказида ташкил этилган таэквондо WT баҳсларида Жиззах шаҳри, Бахмал, Ғаллаорол ва Фориш туманларидан келган жами 243 нафар ёш спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борган бўлса, Зомин туманида ўтган беллашувларда майдон эгаларидан ташқари, Зарбдор ва Янгиобод туманларидан жами 200 нафарга яқин ёш таэквондочилар 10 вазн тоифасида ғолиблик учун татамига чиқишди.

Шароф Рашидов туманида эса спортнинг енгил атлетика тури бўйича ўтган “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақаларида Шароф Рашидов, Пахтакор ҳамда Зафаробод туманларидан жами 1000 нафардан ортиқ ёшлар ғолиблик учун баҳслашди.
Ушбу баҳсларда ғолибликни қўлга киритган ёш спортчилар “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақасининг иккинчи, яъни вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишмоқда. Вилоят босқичи ғолиблари эса жорий йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларида иштирок этади. Шу сабабдан ҳам ҳудудлардаги барча беллашувлар кескин ва муросасиз курашлар остида ўтмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари