Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мусобақа таҳлили: Қитъа чемпионатидаги натижалар кутилганидан ёмон
13:10 / 2022-04-28

Жорий йилнинг 19-24 апрель кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасида ўтган Осиё чемпионати терма жамоаларнинг умумий ҳолатини кўрсатиб берди.

Мураббийлар, мутахассислар учун қитъа ва Олимпия ўйинлари учун таркибни белгилаш, шогирдларининг имконият даражасини, қайси йўналишларда ишлаш лозимлигини аниқлашда ўзига хос маҳорат майдони бўлди. 



Хўш, мазкур нуфузли мусобақада ўзбекистонлик курашчилар кўзланган натижаларга эриша олдими? 

Спортни ривожлантириш вазирлигида ушбу масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда вазирлик, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутахассислари, эркин, юнон-рум ва аёллар курашлари бўйича мамлакат терма жамоасининг бош мураббийлари иштирок этиб, эришилган натижалар, йўл қўйилган хато-камчиликлар, Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг бориши каби қатор масалалар хусусида атрофлича сўз юритишди. Мўғулистонда ўтган қитъа чемпионатида иштирок этган терма жамоанинг умумий натижалари таҳлил қилинди. 

Халқаро майдонда спортчиларимиз томонидан қўлга киритилаётган ҳар бир совринли ўрин Ўзбекистоннинг халқаро обрўси учун жуда муҳим бўлган ҳолда, бой берилган кичик имконият, саралашдаги мағлубият бунинг акси эканлигини ҳам унутмаслик лозим. 



Зотан, ҳар бир спортчининг жаҳон мусобақаларида қатнашиши, тайёргарлик кўриши учун давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилаётганлиги, тизимли тарзда маблағлар ажратилаётганлиги Ватанни улуғлаш не чоғли аҳамиятли эканлигидан далолат. 

Шу маънода, мамлакатимиз спортчиларининг Улан-Батордаги қитъа чемпионатида 2 та кумуш ва 6 та бронза медалига сазовор бўлиши на қадар эътиборли бўлганлигини эътироф этиш асносида, бой берилган олтин медаллар андуҳи ҳам кам эмас. 

Юнон-рум курашчиларимиз Муҳаммадқодир Расулов илк бор қитъа чемпионатида қатнашиб, бронза медалига эга чиқиши, Жалгасбой Бердимуратовнинг янги вазнда кумуш медаль билан кифояланиши шунингдек, Жасурбек Ортиқбоев, Мўминжон Абдуллаев, эркин курашчиларимиз Аббос Раҳмонов ва Бобур Исломовнинг бронзали бўлиши  келгуси натижалар учун умид. Лекин, полвонларимизда бундан ҳам яхши натижаларни қайд этиши учун техник-тактик, руҳий тайёргарлик маромига етмаганлиги беллашувларда кўриниб турди.  

Мўғулистон гиламларидаги беллашувлар ўтган йиллардаги Осиё чемпионатларига нисбатан паст натижа қайд этилгани билан тарихдан жой олди. Муҳокамалар жараёнида кўрсаткичларнинг пастлиги таҳлил қилинди. 

Мамлакатимиз спорт курашчилари ўтган йили Қозоғистонда ўтган қитъа чемпионатида 19 давлат орасида умумжамоа ҳисобида 2 та олтин, 4 тадан кумуш ва бронза билан 7-ўринни эгаллаган эди. 2019 йили Хитойда ўтган чемпионатда 2 олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза билан умум жамоада 4-ўринни, 2018 йили Бишкекда ташкиллаштирилган чемпионатда 5 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза эвазига 20 та давлат терма жамоалари орасида Хитойдан кейинги 2-ўриндан жой олган эди. 

Кўриниб турибдики, 2018 йилги юксалишдан кейин қитъа чемпионатлари натижаларида бир оз пасайиш кузатилди. 

Таҳлиллар давомида эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олим Ҳикматов, юнон-рум кураши бўйича терма жамоа бош мураббийи Равшан Рўзиқулов ва аёллар кураши бўйича терма жамоа бош мураббийи Адҳам Очилов қитъа чемпионати натижалари хусусида тўхталиб, кўзланган натижаларга эришилмаганлигининг объектив ва субъектив сабабларини келтиришди. Терма жамоаларимиз учун ярим йилдан бери хорижий ўқув-йиғинлар ўтказилмаганлиги, бошқа давлат терма жамоалари бу борада анча илгарилаб кетганлигини билдиришди. 

Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Музаффархўжа Рахматхўжаев муҳокамалар давомида биргина Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси эмас, бошқалар ҳам хат-хужжатлар билан ишлаш тартиби, маниторингини тўғри олиб бориш, селекция масалаларига жиддий эътибор қаратиши лозимлигини айтди. 

Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов қитъа чемпионатида қатнашган ҳар бир спортчи иштирокини алоҳида таҳлил қилиш жараёнида қитъа ўйинлари ва Олимпиадада қатнашадиган асосий таркибни шакллантириш муҳим масала эканлигини, мураббийлар кенгаши ва федерация мутасаддилари бу борада аниқ тайёргарлик дастурини ишлаб чиқиши лозимлигини таъкидлади. 

Йиғилиш якунида Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулла Маҳмудов давлатимиз томонидан терма жамоаларнинг нуфузли мусобақаларга тайёргарлигига катта эътибор қаратилаётган, қўллаб-қувватланилаётган бир пайтда керакли ютуқлар қўлга киритилмаётганлиги федерацияларда бугунги кун талабидан келиб чиқиб, менежерлик ишлари халқаро даражада олиб борилмаётганлигидан, мураббийлар техник-тактик машғулотларда халқаро тажрибани белгиланган тартибда қўлламаётганлигидан далолат эканлигини билдириб ўтди. 

Ютуқлар ўзимизники. Бу билан қанча фахрлансак арзийди. Аммо хатолар устида ишлаш, камчиликларни бартараф этиш бугунги куннинг муҳим вазифасидир. 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА