Шу кунларда Жанубий Кореяда мусиқа ва санъат йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар учун "Халқаро болалар санъати алмашинув кўргазмаси-2025" бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси маълумотига кўра, кўргазмада 30 дан ортиқ мамлакат ўқувчиларининг 280 га яқин санъат асарлари намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон мактаб ўқувчиларининг кўргазма учун жами 14 та асари танлаб олинган бўлиб, уларда дунёда тинчликни асраш, урушга қарши муросасиз муносабат ва инсонлар ўртасида тотувликни тарғиб қилувчи мазмунли ғоялар акс этган. Бу асарлар орқали юртимиз болалари глобал ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик қадриятларига ўз қарашларини намоён этмоқда.

Маълумотларга кўра, мазкур тадбир Халқаро алмашинув фонди ва қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ҳар йили ўтказилади ва у маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун санъат орқали турли дунё маданиятларини ўрганиш ҳамда иштирокчи мамлакатлар ва мазкур шаҳар ўртасида маданий алмашинувни ривожлантириш учун қулай имконият яратади.
Ушбу халқаро кўргазма 11 июлга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА