Бухоро вилояти Вобкент туманида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 8-сонли мусиқа ва санъат мактаби педагог жамоасининг ўз тажриба мактаби, муваффақиятлар йўли бор, албатта.

Ярим аср давомида бу санъат ва мусиқа даргоҳи ўнлаб, юзлаб ёш истеъдодларни етиштириб чиқарган бўлса, улар йиллар давомида халқимиз бой маданий ва мусиқа меросини авлодларга етказишда камарбаста бўлмоқда. Бугунга келиб даргоҳда 33 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчи томонидан 275 нафар ўқувчига санъат сирлари пухта ўргатиб келинмоқда.
Янги йил байрами олдидан таълим маскани жамоаси янгидан барпо қилинган 100 ўринли бинога эга бўлди. Очилиш маросимида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, маданият бўлими масъуллари, мактаб жамоаси ва ёшлар иштирок этди.

Жорий йилда мусиқа ва санъат мактаби моддий-техник базасини ривожлантириш ва зарур жиҳоз, инвентарлар билан таъминлаш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 1,5 миллиард сўм маблағи ҳисобидан 100 ўринли янги бино барпо қилинган бўлса, туман ҳокимлиги ташаббуси билан 70 миллион сўм эвазига моддий техника базаси мустаҳкамланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири