Мамлакатимизда байрам ва мусиқий тантаналар борки, Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги “Лазги” ансамблининг иштирокисиз ўтмайди. Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида мазкур бадиий жамоа ташкил этилганининг 10 йиллигига бағишланган катта концерт дастури бўлиб ўтди.
Ушбу мусиқий кечага санъат ихлосмандлари, ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
– “Лазги” ансамбли – бу халқимизнинг ҳақиқий мероси, – деди ансамбль бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров. – Аслида ансамбль 1957 йилда ташкил этилган ва унга устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов, кейинчалик ансамблга устоз санъаткор Раҳматжон Қурбонов раҳбарлик қилган.
Миллий санъатимизга қаратилаётган эътибор натижасида ижодий жамоа янада самарали ижод қилишга интилмоқда. Айни пайтда мазкур жамоа жаҳоннинг кўплаб давлатларида мамлакатимизнинг бетакрор санъатини муносиб тарзда намойиш этаётгани диққатга сазовордир. Шу билан бирга ижодий жамоа мамлакатимизнинг санъат ихлосмандларига мунтазам тарзда ўз концерт дастурларини тақдим этиб келмоқда.
Мусиқий кечада Хоразм мусиқа санъатининг нодир намуналари билан бирга замонавий миллий қўшиқчилик санъати мухлисларга тақдим этилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири