Бадиий баркамол, ҳар жиҳатдан мукаммал мусиқий асарлар инсон руҳиятини юксалтиради, маънавий оламини бойитади. Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида пойтахтимиздаги “Маърифат маркази” симпозиумлар саройида Президентимиз ташаббуси асосида Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган муҳташам мусиқий тадбир ҳам халқимизнинг кўнгил мулкига айланган дилбар қўшиқларнинг тарғиботига бағишлангани билан барчага манзур бўлди.
Ижодий-маърифий кеча давомида санъат ихлосмандлари Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Муҳсинбек ва Яҳёбек Мўминовлар ижро этган гўзал қўшиқлардан баҳраманд бўлдилар.
Мусиқий дастурда устоз санъаткорлар Таваккал Қодиров, Маъмуржон Узоқовларнинг репертуарларидан намуналар, мумтоз шеърият ва шунингдек, янги яратилган қўшиқлардан намуналар ижро этилди.

Миллий мусиқа санъатимиз равнақида Муҳсинбек ва Яҳёбек Мўминовларнинг ижоди ўзига хос ўрин тутади. Бу ижод миллийликка асоланиши, барҳаёт маънавий хазиналарга таяниши билан қадрлидир.
–Бундай мусиқа оқшомлари Президентимизнинг маданият ва санъат ривожига қаратаётган эътиборининг амалий натижасида халқимизга тақдим этилмоқда, – деди таниқли шоир Бобур Бобомурод. – Муҳсинбек ва Яҳёбек Мўминовлар ижросидаги қўшиқлар Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат, беғубор инсоний туйғуларнинг самимий ва бетакрор тараннумига бағишлангани билан эътиборга молик. Бу ерда Алишер Навоий, Чустий, Ҳувайдо, Ҳабибий ғазаллари асосида яратилган қўшиқлар куйланмоқда. Мумтоз қўшиқлар билан бирга, нафис шеъриятимиз ҳам мухлисларга тақдим этиляпти.

– Қўшиқчилик санъатида жўровозликдаги ижро жуда мураккаб, катта масъулият, кучли овоз имкониятини талаб этади, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори Нуриддин Аминжонов. – Бу жанрда лирик ва драматик овозларнинг ўзаро қўшилиши, уйғун бўлиши жуда муҳим. Мазкур йўналишда Шожалиловлар, Расулқори Мамадалиев, Фаттоҳхон Мамадалиев, Жўрахон Султонов, ака-ука Мирзаевлар, Ваҳобовлар, Ғафур ва Ғулом Эшжоновларнинг ижоди халқимизга маълум. Бир пайтлар Радио қўмитасида ишлаганимизда, чекка ва олис қишлоқлардан истеъдодларни топиб, уларнинг илк қўшиқларини эфирга узатардик. Бундан 30 йил аввал Муҳсинбек ва Яҳёбек Мўминовнинг илк қўшиғини унинг қишлоғидан бутун мамлакатга узатгандик. Ака-ука бу хонандалар ўзларининг Ватан ҳақидаги қўшиқлари билан “Ўзбекистон – Ватаним маним” кўрик-танловида ғолиб бўлишган эди. Улар Мустақиллик, Наврўз байрамига бағишланган давлат тадбирларида жуда фаол иштирок этмоқдалар.

Дарҳақиқат, ижодий-маърифий кеча шеърият, адабиёт, санъат байрами сифатида юқори савияда ўтди. Унда мумтоз ва замонавий қўшиқлар янгради. Рақслар ижро этилди. Атоқли шоирлар ўзларининг Ватан, истиқлол, меҳр-муҳаббат ҳақидаги шеърларидан намуналар ўқидилар. Сарой фойесида миллий тасвирий санъатимизга оид катта бадиий кўргазма ташкил этилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири