Академик Юнус Ражабий таваллудининг 124 йиллиги
Миллий мусиқамиз фидойиси, устоз санъаткор Юнус Ражабийнинг мақом санъатимизга қўшган юксак ҳиссаси муносиб эъзозланмоқда.
2020 йилдан фаолиятини бошлаган янги – Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ҳам Юнус Ражабий номининг берилгани буюк санъаткор илмий-ижодий фаолиятига берилган баҳо, десак янглишмаймиз.
Улуғ санъаткор таваллудининг 124 йиллиги арафасида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти жамоаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, мазкур институт ректори О.Назарбеков атоқли мусиқачининг уй-музейига ташриф буюриб, машҳур санъаткор сулоласи вакиллари билан учрашди.
Ўзбекистон халқ артисти, "Буюк хизматлари учун" ордени соҳиби, академик Юнус Ражабий серқирра ижодий фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ўчмас из қолдирди. Мутахассисларнинг фикрича, бастакор яратган мумтоз қўшиқ ва ашулалар, чолғу куйлари, мусиқали драмалари миллий мусиқа хазинасини бойитди. Олимнинг ўзбек халқ мусиқа мероси, мақомларни ўрганиш, уларни нотага ва аудиотасмаларга ёзишдаги хизматлари беқиёс.
Юнус Ражабий 1897 йилнинг 5 январида Тошкентда туғилган. Санъатшуносларнинг фикрича, болалигидан мусиқага бўлган қизиқиши уни илк маротаба қўлига дутор олишига сабаб бўлди. Машҳур ҳофиз Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Шораҳим Шоумаров, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, домла Ҳалим Ибодовдан мақом ҳамда халқ ашулаларини ўрганди.
1923 йилдан Самарқанддаги Ўзбек билим юрти қошидаги мусиқа мактабида муаллим, 1925 йилдан Самарқанд мусиқали драма театри мусиқа раҳбари, 1927 йилдан Ўзбекистон давлат радиокомитети қошидаги ансамбль раҳбари, 1941-1945-йилларда Янгийўл вилоят мусиқали драма театри мусиқа раҳбари, 1945-йилдан Радиокомитет қошидаги Халқ чолғулари оркестри, 1958 йилдан эса мақом ансамбли бадиий раҳбари лавозимларида ишлади.
Манбаларга кўра, Юнус Ражабий миллий мусиқа меросимизни ўрганиш, уларни нотага олиш ва нашр этишда катта ютуқларга эришди. 1955-1959 йилларда 1 минг 500 дан ортиқ халқ куй ва ашулаларини, ялла ва лапарларни, терма ва достонлардан намуналарни ҳамда Шашмақомнинг нота намуналарини беш жилддан иборат “Ўзбек халқ мусиқаси” китобларида нашр этди. 1960-1966-йилларда Шашмақомни қайта ўрганиб, унинг ҳар бир қисмини алоҳида китоб тарзида чоп этди. Олимнинг Шашмақом устида олиб борган изланишлари унинг 1978 йилда чоп этилган “Мусиқа меросимизга бир назар” китобида ўз аксини топди.
Устоз бастакор сифатида ҳам кенг танилди. Ижодкорнинг етакчи композиторлар билан ҳамкорликда яратган “Муқанна”, “Қасос”, «Абдулфайзхон», «Ёрқиной», «Падаркуш», “Нодира”, «Лайли ва Мажнун», қайта ишлаган “Фарҳод ва Ширин” мусиқали драмалари, “Ўғил уйлантириш”, “Алишер Навоий Астрободда” мусиқали асарлари мусиқали драма театрларда саҳналаштирилиб, олқишларга сазовор бўлди. Т.Содиқов ёзишни бошлаган, бироқ бевақт вафоти сабабли тугатилмай қолган “Зайнаб ва Омон” операсини Юнус Ражабий, Борис Зейдман ва Дони Зокиров биргаликда якунига етказди.
Бастакорнинг «Соғинганман», «Ёр келди», «Келдинг», «Мунча ҳам», «Кошки», «Ишқ», «Мустазод», «Ҳажрингда», «Гул сочар», «Раъноланмасун» каби қатор ашулалари етакчи хонандалар репертуаридан ўрин олган. “Ўзбекистон”, “Бизнинг даврон”, “Шодлик”, “Ўлкамиз” каби қўшиқлари, хор асарлари, "Фарғонача" симфоник сюитаси, "Сегоҳ" симфоник пьесаси, ўзбек халқ чолғулари ансамбли учун "Рақс", Фурқат сўзларига уч қисмли вокал-симфоник сюита, чолғу ансамбли учун яратган куйлари бастакор ижодий бисотидан намуналардир.
Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилди.
Уй-музейда ўтказилган учрашувда устоз санъаткор ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,ЎзА