Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Муштум” - ярим асрлик қадрдоним
18:37 / 2023-02-27

Мамлакатимизнинг ягона ҳажвий нашри “Муштум” журналининг 100 йиллик тўйи ҳақида хабар топганимдан буён ҳаёлимда унча-мунча фикрлар айланади. Шу юртнинг зиёлилари қатори ушбу нашрни кўп йиллардан буён мунтазам ўқийман, кузатаман.

Фақат шугинами?.. Йўқ, кўп йиллардан буён мазкур нашрнинг чин мухлиси, ўрни келганда фаол муаллифлари қаторида бўлиб, таҳририят жамоаси билан ҳамкорлик қилиб келаётганимдан мамнунман. Илк ҳажвий машқим мазкур нашр саҳифаларида чоп этилган 1970 йилда мактабни энди битирган ёш йигит эдим. Шундан буён эллик йилдан ортиқ вақт ўтибди. Ўтган давр мобайнида мен журнални бир ўқувчи сифатида ҳам кузатиб, ҳикоя, ҳажвия, ҳангомаларим билан унинг саҳифаларида баҳоли қудрат иштирок этиб келмоқдаман.  

Тошкентда аспирантурада таҳсил олган йилларим журнал таҳририяти қошидаги “Ёш ҳажвчилар мактаби”га қатнаганман. У ерда устозларим Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов, таниқли адиб Саъдулла Сиёевлар билан танишдим. Машқларимни уларнинг назаридан ўтказган, илиқ фикрларидан руҳланиб ижодга иштиёқим ортган ва “Муштум” саҳифаларида тез-тез кўрина бошлаган даврларимни ҳеч қачон унутмайман. 

Илк китобим 1988 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон ижод уйида Ёш ижодкорлар семинарида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад раҳбарлигидаги йиғинда муҳокама қилинган, нашрга тавсия этилган эди. Орадан маълум вақт ўтиб, “Муштум” кутубхонаси” туркумида чоп этилган ва ўз ўқувчиларини топган даврларни ҳам мамнуният билан эслайман.  

Камтарона ижодий меҳнатларим маҳсули бўлган асарларим орқали мухлислар орттириб, ҳажвчи адиб сифатида элда эътибор топган бўлсам, бунинг учун мамлакатимиздаги оммавий-ахборот воситаларидан, айниқса, “Муштум” журнали таҳририятида хизмат қилган ва қилаётган ижодкорлардан миннатдорман. Чунки мазкур нашр мамлакатимизда яшаб, ижод қилаётган мен каби кўплаб шоир-ёзувчиларнинг иқтидорини ривожлантириш ҳамда намоён этишлари учун ўзига хос минбар вазифасини бажариб келган ва шундай бўлиб қолмоқда.  

Журнал, таъбир жоиз бўлса, жамоавий меҳнат билан яраладиган маҳсулот. Чунки унда кўз нурини тўкиб қоғоз қоралайдиган журналист, адиб, қаламкаш, карикатурачи рассомнинг ҳам, матн терувчи, мусаҳҳиҳ, босмахона ходими ва бошқаларнинг ҳам ҳиссаси бор. Шу боис “Муштум”нинг юз йиллиги юртимиз барча зиёлиларининг, бутун халқимизнинг байрамидир.    

Фурсатдан фойдаланиб таҳририят жамоасини, ноширларни, кўп минг сонли мухлисларни ана шу қутлуғ айём билан муборакбод этаман. Элга кулги улашаётган қадрдон журналимиз мухлислари ва муаллифлари сафи кенгаяверсин.  

Ҳабиб СИДДИҚ,  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,  

“Шуҳрат” медали соҳиби.  

ЎзА