Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муштарак мақсадлар йўлида
15:58 / 2020-11-11

Бундан роппа-роса уч йил аввал Президентимиз БМТнинг юксак минбаридан туриб халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан билдирган муҳим ташаббуслари ўз аҳамияти жиҳатидан жаҳон ҳамжамиятининг катта эътирофига сазовор бўлди.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ўтказишни йўлга қўйиш, БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш каби масалаларга оид бешта таклифининг аксарияти ҳозирга қадар амалга ошгани халқимизда мамнуният ва ифтихор туйғуларини уйғотди.  

 Куни кеча Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти  нуфузини янада мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё аҳолиси манфаатлари йўлида бир қатор таклифларни илгари сурди. Албатта, уларнинг бари бугунги кун учун ниҳоятда долзарбдир. 

Гувоҳи бўлдикки, пандемия шароитида кўплаб давлатлар ниҳоятда катта қийинчиликларга дуч келди. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг ШҲТ саммитида савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизликнинг ортишига олиб келган пандемия ривожланишимиз суръатига салбий таъсир кўрсатаётганлигини куюнчаклик билан таъкидлади. Шу билан бир қаторда, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашаётгани, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар кучайиб бораётганини ҳам қайд этди. Ушбу глобал хатар ва таҳдидларни яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналаримизни асраш ва кўпайтириш йўли билангина енгиб ўтиш мумкин, деди Президентимиз. 

Бунинг учун пандемия шароитида давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни ривожлантиришга янги, шу жумладан, “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этгани эса ниҳоятда катта аҳамият касб этади. Чунки, иқтисоддан озроқ бўлса ҳам тушунчага эга киши борки, дунёни ташвишга солиб турган касаллик авж олаётган бир пайтда давлатлар ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларини тўхтатиб қўймаслик учун шароит яратиш  талаб этилади. 

Шунингдек,  Президентимиз аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масаласида қашшоқликка қарши курашиш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йиғилишларини ўтказиш механизмини яратиш заруратини илгари сурди. Бу ҳар бир республикада шу масалага дахлдор раҳбарларнинг дунёқарашини шароит тақозосига кўра ўзгартиришни талаб  қилади.  

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида эътибор қаратган масалалар қаторида яна бири бу бутун дунёга ташвиш туғдираётган, аммо ҳанузгача ўз ечимини топмаган Афғонистондаги вазият бўлди. Президентимиз ШҲТ иштирокчиларига қарата, бугун Афғонистонда узоқ кутилган тинчликка эришиш бўйича тарихий имкониятни қўлдан бой бермаслик ҳар қачонгидан муҳимдир, деди. Албатта давлатимиз раҳбари ушбу мамлакатдаги хавфсизлик ва тинчлик масаласига бутун минтақа барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг муҳим таркиби қисми сифатида қаралиши лозимлигини бежиз таъкидламади. Чунки, биз шарқ халқларида турли шаклда, лекин бир маъно касб этувчи, узоқ тарих давомида ўзининг тасдиғини топиб келаётган "қўшнинг тинч сен тинч", деган  ҳикматнинг айни дамда ўта долзарблигини  ҳеч ким инкор эта олмайди. 

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг ШҲТ саммитидаги нутқи сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотларнинг янгича мазмун-моҳият касб этиб, олиб борилаётган очиқ-ошкора, прагматик ички ва ташқи сиёсат нақадар тўғри эканлигидан далолат бермоқда. 

Умид ШОУМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси.

ЎзА