Мушоҳада: Илҳақ момо сабоқлари...
Лекин матонатли, метин иродали ўзбек онаси бу чексиз кулфатга бардош бера олди” деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Зулфия момо матонати ҳақида сўз юритар экан.
Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон... Зулфия момонинг беш азамат ўғли хоки Беларусь, Украина, Россия, Польша жанггоҳларида қолиб кетди. Навбатма-навбат келган беш қорахат момонинг қаддини букди, аммо иродасини синдира олмади.
Айтишга осон. Беш навқирон ўғил доғи...
“Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ҳар қандай инсонни ҳам яксон қилиб ташлайдиган бундай оғир зарбага чидаш мумкинми? Лекин матонатли, метин иродали ўзбек онаси бу чексиз кулфатга бардош бера олди” деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Зулфия момо матонати ҳақида сўз юритар экан.
Кеча фарзандларим, набираларим билан бу матонат ҳақида суратга олинган “Илҳақ” фильмини томоша қилар эканман, бутун вужудим титраб кетди. Уруш ҳақида ўлмас асарлар ёзган Хемингуэйнинг машҳур ибораси ёдимга тушди: Инсонни енгиб бўлмайди!
Яқинларимга, танишларимга, ҳамкасбларимга қўнғироқ қилдим: “Илҳақ”ни кўрдингизми? Бу фильмни албатта кўринглар”.
Ҳа, менимча бу фильмни ҳамма кўриши зарур.
Айниқса бугун арзимаган етишмовчиликдан оламшумул муаммо ясаб, айюҳаннос соладиган ношукр ва қаноатсизлар кўриши керак.
Пана-пастқамда, интернет пучмоқларида халқимиз ҳақида, бугунги турмушимиз хусусида ғийбат, фисқу фасод, ваҳима тарқатаётган олчоқларнинг юзига тарсаки бўлади бу фильм.
Улуғ сиймолар акс этган ҳайкаллар ёнида майнавозчилик қилаётган муттаҳам лўттибозлар кўзларини каттароқ очиб кўриши керак бу фильмни.
Айни синов кунларида оёғини қўлига олганича дўконларга югуриб, тонналаб ун, ёғ, картошка ғамлаб олган худбинлар кўрсин!
Эл тинчлиги, саломатлиги, хавфсизлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, азиз жонини, оиласининг хотиржамлигини гаровга қўйиб, кечаю кундуз тиним билмаётган фидойиларни беҳурмат қилаётганларнинг моғор босган онгу шуурига ҳам нур олиб киришга қодир бу киноасар.
Ёшлигимдан уруш киноларини қизиқиб кўрганман. Бола эдик, ҳали Собир Раҳимов, ҳали Қудрат Суюнов бўлиб қаҳрамонлик кўрсатгимиз келарди. Улғайгач, англаб етдимки, қаҳрамонлик фақат жанггоҳларда душман ўқига кўксини қалқон қилибгина кўрсатилмас экан. Касбингни ҳалоллаб, ўз вазифангни виждонан бажарсанг, шунинг ортидан одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осон қилсанг, дардига дармон бўла олсанг, бунинг ўзи ҳам катта жасорат экан.
Шундай эмасми?! Мана, пандемияга қарши курашилаётган айни кунларда неча ойлаб оиласи бағрига қайтмасдан, беморларга парвона бўлаётган шифокорлар, одамларимиз хавфсизлигини таъминлаётган Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ходимлари, ҳарбийлар фидойиликларининг фронтдаги жасоратдан қандай ками бор?
Уруш пайтида борини фронтга берган бағрикенг халқнинг олийҳиммат авлодлари бугун хасталик хуружидан, бўрону тошқиндан талофат кўрган биродарларига қандай ҳиммат кўрсатаётганига бир қаранг!
“Ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган”, деди давлатимиз раҳбари. Мана шундай матонатли халқнинг зурриётларимиз! Бугун ота-боболаримиз, оналаримиз, момоларимиз йўлида жон олиб, жон берган тинчлигимизни асраш учун ҳеч бўлмаганда уч юздан биримиз жонфидо бўла олаяпмизми?!
“Илҳақ”даги бир лавҳада фашист зобити Зулфия момонинг ўғлидан: “Сен нима учун урушяпсан? Жонингни тикканинг Сталин шунга арзийдими?”, деб сўраганида у мардонавор туриб “Онам, оилам учун урушяпман”, деб жавоб берди. Ҳеч биримизга сир эмас, бугун дунё қалқиб турибди. Аввало оламни зир титратган пандемия, сўнг давлатлараро кучайиб бораётган зиддиятлар, манфаатлар тўқнашуви, гегемонлик тажовузи, “сен зўрми, мен зўрми?” қабилидаги курашлар, ахборот хуружи, терроризм, диний экстремизм балоси, одам савдоси, гиёҳвандлик сингари офатлар... Буларнинг ҳар бири – улкан фронт эмасми?! Бу фронтда ўша мард аскар сингари оиламиз учун, болаларимиз учун фидойилик кўрсата оламизми? Улар тинчликка, осойишталикка, соғлиққа, фаровонликка, меҳр-оқибатга, эзгуликка ҳеч қачон илҳақ бўлмаслиги учун нималар қиляпмиз?
“Илҳақ” фильми ва Зулфия момонинг матонати мени шулар хусусида чуқурроқ ўйлаб кўришга ундади.
Сизни-чи?!
Дониёр ТУРСУНОВ,
Қашқадарё вилояти Соғлиқни
сақлаш бошқармаси бошлиғи.