Мусаввирлар маҳорати
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси “Амалий-безак санъати” шўъбаси аъзоларининг “Лирика” номли ҳисобот кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси “Амалий-безак санъати” шўъбаси аъзоларининг “Лирика” номли ҳисобот кўргазмаси бўлиб ўтди.
Қадимий кулолчилик санъати асрлардан ошиб бизгача етиб келди. IX-XIII асрларда ҳунармандчилик – кандакорлик, ёғоч, тош ўймакорлиги, бадиий шишасозлик, гилам тўқиш, бадиий газлама тайёрлаш ва сирли кулоллик санъати ривожланди. Сирли кулоллик санъати аввал Афросиёбда, кейинчалик эса Шош, Фарғона, Хоразм ҳудудларида ҳам кенг тарқалди. Маҳаллий уста – кулоллар бежирим кўринишдаги бадиий усул ҳамда безаклардан фойдаланганлиги натижасида янги шаклли сопол буюмлари вужудга келди. Асосан ўсимликсимон ва ҳандасавий нақшлар қўлланилса-да, эпиграфик ёзувли нақшлар ҳам пайдо бўла бошлади. Вақт ўтиши билан араб ёзувидан таркиб топган эпиграфик нақшлаш ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллади.
Кўргазмада 100 дан ортиқ кулолчилик намунаси ва инсталляция намойиш қилинмоқда.
Н.Қўзиеванинг инсталляцияси лойдан ишланган анорлардан ташкил топган. Севги ва муҳаббат рамзи бўлган анорлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Т.Зокиров ажойиб пирографияларида яқин ва узоқ ўтмишни акс эттирган. Ундаги ранглар ва бежиримлик кишини ўзига тортади. Пирография – “олов билан чизаман” деган маънони билдириб, техника, яъни услуб ҳисобланади. Рассом фанерга қиздирилган игна ёрдамида ажойиб асарлар яратган. Унинг “Тандир сомса” номли асарида жараён акс эттирилган бўлса, “Бухоролик қиз”, “Наманган анорлари” каби асарларида вилоятларга хос бўлган удумларни беришга ҳаракат қилган.
Дмитрий ва Анна Юрьевлар эса замонавий кулолчилик ишларини намойиш қилган. Пётр Ткачнинг турли хил тошлардан ишланган заргарлик буюмлари қадимий безакларни эслатади. Заргар диққатни кўпроқ тошларга қаратган.
Истиқлол айёми арафасидаги бундай кўргазмалар мустақилликнинг юртимиз рассомлари учун яратган чексиз имкониятлари, уларнинг ижодий парвозини намойиш этади.