Изчил излоҳотлар натижаси ўлароқ, ижтимоий ҳимоя тизими аҳолининг том маънода кўмак занжирини ҳосил қилди. Мазкур тизим тармоқлари анча кенгайиб бормоқда. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда имконияти чекланган қатламининг сифатли таълим олиши ҳам соҳа олдидаги энг муҳим вазифалардан. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги “нурли маскан” интернатлари ҳамда “мурувват" уйларида таълим олаётган ўқувчиларнинг илмий ва касбий салоҳиятини оширишда бир қанча ташаббуслар илгари сурилиб, амалга татбиқ этилмоқда.
Ана шундай таълим масканларидан бири Тошкент шаҳар 2-сонли “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун ихтисослашган интернат уйидир. Бугунги кунда интернат уйида 422 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олаётган бўлиб, 8 нафар боланинг ижтимоийлашуви таъминланган. Шундан 7 нафари доимий уйига жойлаштирилган, 1 нафари эса яшаш жойидаги кундузги қатновга жалб қилинган.

Мазкур таълим масканига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансур Оллоёров ташриф буюрди. Муассаса ҳолатини ўрганиб, амалга оширилган ишлар билан танишди.
Ташриф давомида муассасанинг кундалик фаолияти, болалар учун яратилган шароитлар, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ҳамда ислоҳотлар натижалари кўздан кечирилди.

Агентлик раҳбари болалар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг эҳтиёж ва қизиқишларини тинглади. Учрашув чоғида масъуллар томонидан интернат уйида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тақдим қилинди. Тегишли чора-тадбирларни белгилаш, болалар манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда интернат уйи фаолиятини янада такомиллаштириш ва ижтимоийлашув кўрсаткичларини ошириш бўйича ишлар давом эттирилиши қайд этилди.
Шербек Исломов, ЎзА