English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мурунтов” конида даврий оқим технология мажмуаси тўлиқ ишга туширилди
20:19 / 2026-01-31

Навоий кон-металлургия комбинатида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва кондан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар янги босқичга кўтарилди.

“Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг В навбати 1-босқичи доирасида жанубий қисмида қурилган даврий оқим технология мажмуаси тўлиқ ишга туширилди.

Янги мажмуанинг ишга туширилиши коннинг чуқурлашиши ва тоғ жинсларини ташишда вақт ҳамда харажатларни сезиларли равишда қисқартириш имконини берди. Ҳозирги пайтда мажмуанинг 2 та майдалаш-юклаш пункти, узунлиги 1500 метр бўлган магистрал конвейер ва 900 метр узунликдаги ағдарма конвейер орқали бир суткада 25 минг кубометр тоғ жинслари самарали ташилмоқда.

– Иш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган ушбу мажмуанинг ишга туширилиши натижасида оғир юк ташувчи автоағдаргичлар конда ҳаракатланиши лозим бўлган масофани 1550 метрга қисқартирди, – дейди “НКМК” АЖ Марказий кон бошқармаси бош механиги Хуршидбек Негов. – Бу эса дизель ёқилғиси сарфини камайтириш ва атроф-муҳитга чиқадиган чанг ва газ чиқиндиларини сезиларли даражада пасайтириш имконини берди. Шунингдек, мажмуа учун зарур асбоб-ускуналар маҳаллийлаштириш дастури доирасида Навоий машинасозлик заводи ва Зарафшон таъмирлаш-механика заводи томонидан ишлаб чиқарилди. Қурилиш-монтаж ишлари эса Зарафшон қурилиш бошқармаси масъулиятида бажарилган.

Янги технология мажмуаси “Мурунтов” конида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, инсон меҳнатини енгиллаштириш ва экологияга салбий таъсирни камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу лойиҳа орқали Навоий кон-металлургия комбинати қимматбаҳо металлар ҳажмини янада кўпайтириш ва минтақадаги иқтисодий ривожланишга салмоқли ҳисса қўшиш имконига эга бўлди.

А.Бўриев, ЎзА