Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномаси мазмуни ва аҳамияти кўриб чиқилди. Мурожаатномада илгари сурилган ташаббуслар мазмун-моҳиятини халқимизга, сайловчиларга етказиш, юртимиз равнақига хизмат қиладиган вазифаларни амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этиш, бу борада муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов Мурожаатномада сўнгги тўққиз йилда эришилган ютуқ ва натижалар аниқ рақамлар асосида таҳлил қилингани, давлат ва жамият олдида турган долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилгани, эзгу ниятлар билан юксак марралар белгилаб берилганини таъкидлади.

Депутатлар иқтисодиётда эришилган натижалар ижтимоий ҳаётда бевосита акс этаётганини, миллионлаб оилалардаги муҳит тубдан ўзгараётганини билдирди. Қайд этилганидек, жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди. Бу рақамлар оддий рақамлар эмас, уларнинг ортида қанчадан-қанча машаққатли меҳнат, шижоат ва матонат бор.

Камбағалликни қисқартириш ва маҳаллани ривожлантириш тушунчалари Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари билан ҳар томонлама ҳамоҳанг экани урғуланди. Айниқса, кейинги йиллардаги ислоҳотлар ва лойиҳалар натижасида маҳаллапарварлик ҳисси тобора юксалди.
“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да иқтисодиётни янада ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, иш ўринлари яратиш ва бандлик даражасини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросида фракциянинг фаол иштирокини таъминлаш масаласида фикр-мулоҳаза ва таклифлар берилди. Ижтимоий-иқтисодий вазифаларнинг сифатли бажарилиши бўйича ҳукуматга, вазирлик-идораларга фракция позициясини доимий билдириб бориш, вакиллик ҳокимиятига берилган ваколатларнинг натижадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Мажлисда Мурожаатномада белгиланган барча устувор йўналишлар бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, келгуси йил учун давлат дастурига партия дастуридан келиб чиқадиган таклифларни бериш юзасидан дастлабки вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА