Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатномада педагогларнинг малака оширишидаги оғриқли масалалар кўрсатиб ўтилди
18:32 / 2020-12-30

Муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатномаларида «Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устиларида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур», деб таъкидладилар. Мамлакатимизда ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишда ҳаёт давомида ўқитиш тамойили асосида малакасини узлуксиз амалга ошириб бориш энг муҳим вазифалардан бири саналади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан сўнгги 2 йилда малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасаларида ўтказилган аттестация ва ўрганишлар натижаси ҳам ушбу тизимни замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда тубдан ислоҳ қилиш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда. Албатта бу жараёнда мукаммал тизимни йўлга қўйиш жуда катта, куч, имконият ва маблағ талаб этади.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида, 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларига халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган раҳбар, мутахассис ва педагог ходимларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилди. Бунда, ўқитувчилар учун малака ошириш бўйича таълим муассасаларини танлаш имконияти яратилади.

Шунингдек, Президентимиз томонидан берилган ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг 1 июнига қадар ҳар бир ходимнинг малака ошириш жараёнларини мониторинг қилиш ва шахсий ҳисобини юритиш имкониятини берувчи «Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформаси ишга туширилиши кўзда тутилган. Мазкур платформа орқали халқ таълими тизими ходимларининг касбий эҳтиёжларини таҳлил қилиш имконияти юзага келади. Шу асосда уларнинг индивидуал ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, узлуксиз малака ошириш жараёнига татбиқ этилади. Шу билан биргаликда, малака ошириш жараёнига кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиб борилади. Албатта, малака ошириш тизимига киритилаётган мазкур ўзгаришлар яқин келажакда ўз самарасини беради. Малака ошириш таълим ташкилотлари ўртасида рақобат муҳитини юза келтиради ва пировард натижада малака ошириш сифатини кўтаришга олиб келади.

Давлатимиз раҳбари «Бундан буён ўқитувчиларнинг ҳаёт давомида ўқитиш тамойили асосида малакасини узлуксиз амалга ошириб бориш йўлга қўйилади. Шунингдек ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқилади,” – деб, таъкидладилар. Дарҳақиқат, ҳозирги тез ўзгарувчан замонда, айниқса, таълим тизимида ҳар 3 ёки 5 йилда малака оширишнинг самараси жуда ҳам суст. Буни педагогларнинг салоҳиятининг пасайиб кетиши, ўқитувчиларнинг билим даражаларини аниқлаш бўйича ўтказилган ҳар хил назоратлар ҳам кўрсатиб турибди. Жумладан, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчиларидан ўзлари дарс берадиган фандан ўтказилган тест синовлари натижалари ҳам бунинг яққол далилидир.

2019 йил якунига кўра таълим соҳаси бўйича малака оширишга 15161 нафар раҳбар жалб қилиниши режалаштирилиб, уларнинг 15016 нафари малака оширган. Ўқув жараёнларида қатнашганларнинг 88,3 фоизи ижобий баҳоланган бўлса, 11,4 фоизи салбий баҳоланган. Салбий баҳоланганлар салмоғи мактабгача таълимда 18,2 фоиз, олий таълимда 16,2 фоиз, халқ таълимида 10,1 фоизни ташкил қилган. Педагоглардан эса 92343 нафарининг малакаси оширилиши режалаштирилиб, 92954 нафари (100,7 %) курсларда қатнашган. Улардан 84153 нафари (91,7 %) ижобий, 7411 (8,3 %) нафари салбий баҳоланган. Салбий баҳоланганлар салмоғи олий таълимда 23,6 фоиз, мактабгача таълимда 22,7 фоиз, халқ таълимида 7,1 фоизни ташкил этган.

Тизимни янада такомиллаштириш ҳамда соҳага янги тажрибаларни жорий этиш учун Хитой, Жанубий Корея, Япония, Германия, Буюк Британия, Россия, Финляндия, Чехия, Италия, Швеция, Цингапур, АҚШ, Аргентина каби давлатларда малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим тизими таҳлилий ўрганилганда қўйидагилар аниқланди:

Жанубий Корея, Цингапур ва Финляндияда педагоглар ҳар йили, Францияда ҳар 2, Хитойда ҳар 3 йилда малака ошириши белгиланган. Бу мамлакатларда педагоглар ўз малакасини ошириши ойлик маошининг ошиши ва лавозимга кўтарилишига имкон беради.

Францияда педагоглар пенсияга чиққунга қадар жами 1200 соат малака оширишлари керак бўлади. Англия, Франция, Германия, Финляндияда мазкур кўрсаткич эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Жанубий Кореяда педагоглар 1 йилда ўртача 108 соат, Цингапурда 100–150 соат малака оширишлари белгиланган. Умуман олганда, хорижий мамлакатларда малака оширишга ажратилган соатлар ҳажми бир йилда 16–166 соат оралиғида белгиланган.

Жанубий Корея, Цингапур, Хитой, Германия каби давлатларда педагог-модератор томонидан ҳафтадаги ижодий кунларда ташкил қилинадиган махсус малака ошириш курслари ва семинар-тренинглар, Францияда эса самарали инновацион технологиялар ва педагогик тажрибаларни марказлашган ҳолда педагогик ахборот маркази орқали тарқатиш ва оммалаштириш, Хитой, Цингапур, Япония каби бир қатор давлатларда педагог ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб танлайдиган кредит-модулли малака ошириш курси дастурлари амалиётда қўлланилади.

Ўрганилган давлатларда малака ошириш шаклининг тингловчилар сонига қараб жамоавий (лекториялар, ижодий семинарлар, семинар-практикумлар, тренинглар, фан ойликлари, кўргазмалар, мультимедиали тақдимотлар танловлари, илмий-амалий конференциялар), гуруҳли (фан педагоглари бирлашмалари, ижодий гуруҳлар, ишбоп ўйинлар, ўзаро дарсларни кузатиш, рефлекция, очиқ дарсларни кузатиш, видеодарсларни кўриш ва муҳокама қилиш), индивидуал (устозлик қилиш, маслаҳат бериш, суҳбат қуриш, индивидуал ижодий мавзу бўйича ишлаш, мультимедиа тақдимотларини яратиш, ўз дарсларини рефлексив таҳлил қилиш, мустақил таълим олиш) каби шакллари йўлга қўйилган.

Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, республикамизда педагогларнинг малака ошириш тизимига қуйидаги ўзгартиришларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади:

дастлабки малака оширишга жалб этилаётган педагогларнинг малака ошириш дастурида асосий эътиборни таълим муассасаларидаги иш ҳужжатлари ва уларни юритиш, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш, ўқув жараёнида замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланилишига қаратиш;

таълим муассасаларида дарсларнинг таҳлилларига алоҳида эътибор қаратиш, очиқ дарсларни ўтишга кенг ўрин бериш, ўқув дастурларини тўлиқ бажара олмайдиган педагогларни ўз ҳисобидан навбатдан ташқари қисқа муддатли малака ошириш курсларига жалб этиш;

Шу билан биргаликда, малака оширишнинг қуйидаги қўшимча турлари ва шакллари йўлга қўйилиши керак:

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган таянч ҳамда муайян соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларининг етакчи кафедраларида олий таълим муассасалари педагогларини мутахассислиги бўйича малакаси (тажрибаси)ни оширадиган курслар, стажировкалар;

ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларида педагогларнинг малакасини оширадиган курслар, стажировкалар;

малакали модератор ўқитувчилар ёрдамида ташкил қилинадиган доимий ҳаракатдаги малака ошириш курслари ва семинар-тренинглар;

педагоглар уюшмалари ва ассоциациялари томонидан ташкил қилинадиган семинар-тренинглар;

талаба ва ўқувчиларнинг таътил даврида соҳанинг етук мутахассисларини жалб этган ҳолда таълим муассасасида ташкил этиладиган қисқа муддатли малака ошириш курслари;

нодавлат малака ошириш таълим ташкилотларида ташкил этиладиган педагогларнинг эҳтиёжларига асосланган қисқа муддатли малака ошириш курслари ва бошқалар.

Педагогларнинг ўз устида доимий ишлашларини таъминлаш мақсадида барча таълим турлари бўйича ҳар 3-5 йилда малака ошириш (288 соат, 144 соат) тизимидан воз кечиб, ҳар йили 28-30 соат ҳажмида малака ошириш тизимини жорий этиш керак.

Ушбу мақсадда малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим ташкилотларида (ўқитиладиган фанлар, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, хорижий тиллар ва бошқалар бўйича) 6 соатдан 30 соатгача бўлган курсларнинг (талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда) ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш лозим.

Педагоглар ҳар йили 28-30 соат ҳажмида (бир йўла ёки йиғиб бориш шаклида) малака ошириш курсидан ўтгани тўғрисидаги сертификатларни инобатга олган ҳолда, уларни малака тоифасини (лавозимини) оширишда, устамалар белгилашда ва рағбатлантиришда инобатга олиш механизмини жорий этиш керак.

Нодавлат таълим ташкилотларини педагогларнинг малакасини ошириш жараёнига кенг жалб этиш механизмини ишлаб чиқиш лозим.

Ушбу тизимни амалиётда самарали ишлашини таъминлаш учун малака оширишга «ваучер тизими»ни жорий этиш лозим. Бунда ҳар йили педагогларга 28-30 соат ҳажмда «ваучерлар» берилиши ва улар ўзларини эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тегишли курсларни танлаш имкониятига эга бўлиши керак.

Оммавий ахборот воситаларида малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим ташкилотлари томонидан доимий равишда малака ошириш курслари дастурлари эълон қилиб борилиши йўлга қўйилиши лозим. Бу эса, ўз навбатида, таълим ташкилотлари ўртасида рақобат муҳитининг яратилиши ва малака ошириш сифатининг оширилишини таъминлайди.

Юқорида қайд этилганларни амалга ошириш, педагогларнинг малакасини оширишни тизимли йўлга қўйиш, талаб ва таклифлар асосида турли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, малака ошириш тизимини мувофиқлаштириш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида келтирилган вазифалар мамлакатимизда малака ошириш тизимини янги босқичга олиб чиқишимиз учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бойсун Назаров, Таълим сифатини назорат

қилиш давлат инспекцияси бўлим бошлиғи