Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2026 йилда амалга ошириладиган ишлар, спорт таълими соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, рақамлаштириш борасида қилинаётган ишлар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг серқирра ва жўшқин фаолиятини акс эттирувчи “Йил ва йўл” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Университет ректори Р.Маткаримов, Спорт вазирлиги Профессионал спорт таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Ф.Турдиев, профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтказилган муҳокамалар жараёнида Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган устувор ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти борасида фикрлар билдирилди.
Таъкидланганидек, Мурожаатнома мазмунини, унда илгари сурилган йўналишларни нафақат профессор-ўқитувчилар, балки талабалар ўртасида кенг ва тизимли тарғиб этиш зарурлиги, уларни Ватан тараққиёти йўлида фаол фуқаролик позициясини намоён этишга чорлаш муҳим вазифа экани қайд этилди.

Билдирилган фикр ва таклифлар асосида таълим сифати, ўқув-услубий фаолият, маънавий-маърифий ишлар, илмий-тадқиқот ва инновацион ҳамда коррупцияга қарши кураш йўналишлари танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, 2026 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар юкланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА