Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган тарғибот тадбирида партиянинг ҳудудий ташкилотлари раҳбар ва ходимлари, пленум ва ижроия қўмита аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, Мурожаатнома маъруза ёки ҳисобот эмас, балки мамлакатимиз қандай йўлдан бораётгани, олдимизда қандай устувор вазифалар тургани ва энг муҳими, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир инсон ҳаётига қандай таъсир кўрсатишини белгилаб берадиган дастурий ҳужжатдир. Унда сўнгги тўққиз йилда эришилган натижалар аниқ рақам ва далиллар асосида чуқур таҳлил қилинди. Давлат ва жамият олдида турган долзарб вазифалар очиқ-ойдин белгилаб берилди. Энг муҳими, илгари сурилган ташаббус ва ғоялар жамиятда ижтимоий кайфиятни кўтариб, аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончи ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлади.
Мурожаатнома мазмун-моҳияти билан аввало халқ манфаатларига хизмат қиладиган, аниқ натижага йўналтирилган ислоҳотлар даврига кирганимизни яна бир бор тасдиқлади. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ўрни ва масъулияти алоҳида аҳамият касб этади. Унда ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини даромадли қилиш, маҳаллаларни ривожлантириш ҳамда янги меҳнат бозорини шакллантириш каби устувор йўналишлар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ва ижтимоий йўналтирилган сиёсий позицияси билан чамбарчас боғлиқдир.
Шу маънода партиянинг асосий вазифаси Мурожаатномада белгиланган йўналишларни жойларда тўғри тушунтириш, аҳолига етказиш ва уларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этишдан иборат. Бу аввало партия депутатлари орқали маҳаллий кенгашларда аниқ таклифлар киритиш, ижтимоий аҳамиятга эга қарорлар қабул қилинишида ташаббускор бўлишни тақозо этади.
[gallery-27029]
Иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади аҳолининг турмуш даражасини ошириш, одамларни рози қилиш экани Мурожаатномада яна бир бор таъкидланди. Хусусан, 2025 йилда 5 миллион аҳолининг даромадли бўлгани, ишсизлик даражасининг пасайгани, қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд инсоннинг камбағалликдан чиққани мазкур сиёсатнинг аниқ натижасидир. Бу рақамлар оддий рақамлар эмас, уларнинг ортида қанчадан-қанча машаққатли меҳнат, шижоат ва матонат бор.
Камбағалликни қисқартириш ва маҳаллани ривожлантириш бир-бири билан узвий боғлиқ экани Мурожаатномада алоҳида қайд этилди.
Маҳалла жамиятнинг таянчи, ижтимоий бирдамлик ва ўзаро ёрдам маскани ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши партия олдига янги ва масъулиятли вазифаларни қўяди. Чунки маҳалла — партия электорати билан энг яқин боғлиқ бўлган ижтимоий муҳитдир. Партия фаоллари маҳаллалардаги реал муаммоларни билиши, уларни қарорлар даражасига олиб чиқиши ва ижросини талаб қила олиши шарт.
Президент таълим ва тарбия масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Чунки болаларимизнинг қандай инсон бўлиб улғайиши, келажакда қандай жамиятда яшашимизга бевосита боғлиқ. Таълим сифатини ошириш, ёшларни билимли ва касбли қилиб тарбиялаш барчамизнинг умумий вазифамиз экани таъкидланди.
Шунингдек, дунёдаги тезкор ўзгаришлар шароитида янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш зарурлиги қайд этилди. Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг салмоқли қисми автоматлаштирилиши, кўплаб соҳаларда янги малакалар талаб қилиниши замонавий иқтисодиётнинг жиддий чақириқларидан ҳисобланади. Шу муносабат билан партия янги меҳнат бозорини шакллантириш, касб ва малакаларни ривожлантириш масаласида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари — ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар манфаатларини ҳимоя қилувчи ташаббуслар билан чиқиши лозим.
Тадбир иштирокчилари Мурожаатномада белгиланган вазифаларни жойларда самарали амалга ошириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Шунингдек, Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда партия ташкилотлари фаоллигини ошириш, жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тақдим қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари