Нурафшон шаҳрида “Мурожаатнома – маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Маҳаллалар уюшмаси вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 20 нафардан зиёд масъуллари, сиёсий партиялар аъзолари, депутатлар ҳамда 30 нафардан зиёд ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, жумладан, маҳаллаларни ривожлантиришнинг янги, комплекс тизимини ҳаётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Мурожаатномада республикадаги танлаб олинган 33 та туман ва 330 та шароити оғир маҳалладаги ишларни комплекс ташкил қилиш, яъни уларда бир вақтнинг ўзида ижтимоий соҳа объектлари, йўллар қуриш ва таъмирлаш, тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилиши билдирилган.
Шунингдек, депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм, ҳар бир депутатга 3,3 миллиард сўмдан берилиши, бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтириш орқали 2030 йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш қайд этилган.
Тадбирда сиёсий партиялар, “Юксалиш” ҳаракати ҳамда Ўзбекистон ННТ миллий ассоциациясининг вилоят бўлинмалари раҳбарларининг маърузаларида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун юқори даражада молиявий қўллаб-қувватлаш ажратилиши айтилди. Бундан унумли фойдаланиш орқали “Маҳалла еттилиги” фаолиятини янада самарали босқичга олиб чиқиш борасида фикр-мулоҳаза билдирилди.
– Бугунги давра суҳбатида Мурожаатномада белгиланган вазифаларни ижро этишда фуқаролик жамияти институтлари давлатга энг яқин кўмакчи ва объектив назоратчи бўлиши кераклиги таъкидланди. Зеро, жамият фаол бўлган жойда адолат бўлади, адолат бор жойда эса ислоҳотлар, албатта, ўз самарасини беради. Бизнинг мақсадимиз фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларни юрт тақдирига дахлдорлик руҳида бирлаштиришдир, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси Ш.Ахунжонова.
[gallery-27228]
Шу билан бирга, давра суҳбатида 2030 йилгача маҳаллаларни тўлиқ трансформация қилиш ва “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни олиб кириш юзасидан долзарб вазифалар ижросини таъминлашда давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини ўрнатиш ва кучли жамоатчилик назоратини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди ва таклифлар ишлаб чиқилди.
А.Мусаев, А. Алижонов (сурат), ЎзА