Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатнома: ёшлар – давлат сиёсатининг марказий кучига айланади
15:26 / 2025-12-27

Муносабат

Бугун тараққиётнинг ҳар бир жабҳасида, давлатнинг эртанги кунини белгилашда ёшларнинг билим ва салоҳияти ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг кеча Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам ёшлар масаласи алоҳида ўрин эгаллади. 

Хусусан, Мурожаатномада мамлакат аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этиши, улар нафақат демографик салмоқ, балки инновация ва ижодий ғоялар манбаи эканлиги таъкидланди. Шу боис, давлат сиёсатининг марказида ёшларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун барча имкониятлар яратиш устувор вазифа саналади. Сабаби, ёшларнинг билим олиш, меҳнат қилиш, спорт ва ижтимоий фаоллик соҳаларида тенг имкониятлар билан таъминланиши мамлакатнинг барқарор ривожланишига катта таъсир кўрсатади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Мактабгача таълимдан тортиб, олий таълим муассасаларига қадар замонавий методлар ва рақамли технологиялар қўлланилмоқда. Айниқса, халқаро олимпиадаларда ёшларимизнинг юқори натижаларга эришиши, уларнинг интеллектуал салоҳияти тобора ривожланаётганидан далолат беради. Бу эса мамлакатда билим ва иқтидорни қадрлаш сиёсати самарали амалга оширилаётганини кўрсатади.

Спорт ва маданият соҳалари ҳам ёшларнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Президент Мурожаатномасида таъкидланганидек, миллий терма жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги ютуқлари ёшларимизда ватанпарварлик ҳиссини кучайтирмоқда. Шу билан бирга, турли ижтимоий ва маданий лойиҳалар ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга хизмат қилади. Масалан, театр, кино, китобхонлик ва бошқа маънавий ва бадиий йўналишлардаги лойиҳалар уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этмоқда.

Қолаверса, ёшларнинг тадбиркорлик ва инновацион салоҳияти ҳам Мурожаатномада алоҳида эътироф этилган. Давлат раҳбари стартаплар ва кичик бизнесни ривожлантириш, замонавий технологиялар, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ташаббусларни билдирди.

Бу йўналишда ёшлар фаол иштирок этиши билан мамлакат иқтисодиёти янада рақобатбардош ва инновацион бўлиб шаклланади. Шу билан бирга, касбий ва олий таълим муассасаларидаги таълимнинг амалиётга йўналтирилиши замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш имконини беради.

Ёшлар масаласидаги яна бир муҳим жиҳат бу – ижтимоий қўллаб-қувватлашдир. Мурожаатномада аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ёшлар учун ҳам самарали экани қайд этилган. Камбағаллик даражасининг қисқариши, олий таълимда грантлар ва стипендиялар ҳамда спорт ва маданият учун субсидиялар ёшларнинг имкониятларини кенгайтиради ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратади.

Умуман  олганда,  2026 йилда ёшлар фаоллигини ошириш, хусусан, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги учун 43 триллион сўм маблағ ажратилиб, “рақамли стартаплар” дастури кенгайтирилади, стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизим йўлга қўйилади. Жумладан, хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссудалар берилиши кўплаб ёшлар кўнглидан жой олди.

Энг муҳими ушбу ташаббуслар, ёшларни фаол фуқаролик орқали ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиш ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга чорлайди. Бу эса ёшларнинг фақат таълим ва спорт билан чекланмасдан, ижтимоий, инновацион ва сиёсий соҳаларда ҳам иштирок этишини таъминлайди. Шунингдек, маҳалла ва жамоатчилик тизимлари орқали ёшлар жамиятнинг турли соҳаларида тажриба тўплаш имконига эга бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, 2026 йилда юртимиз ёшларининг ҳар томонлама етук кадр бўлиб, таълим-тарбия олишлари учун барча шароит яратиб берилади. Бу борадаги ишларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши эса биз, парламент аъзоларининг доимий эътиборида бўлади.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА