English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатнома — Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаб берувчи муҳим сиёсий-институционал амалиёт
10:25 / 2026-01-23

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис илк бора Мурожаатномаси 2017 йил 22 декабрь куни тақдим қилинган.

Кейинги йилларда Мурожаатнома амалиёти анъанавий кўриниш олиб, давлат бошқарувида ҳисобдорлик, очиқ мулоқот ва стратегик режалаштиришнинг муҳим элементига айланди. Кейинчалик Мурожаатномада “Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига” деган ифода қўлланиши ушбу амалиётнинг институционал кенгайишдан далолатдир.

Мурожаатнома ўтган даврдаги натижаларни сарҳисоб қилиш, кейинги давр учун ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш, қисқа ва ўрта муддат учун мақсад ҳамда вазифаларни тизимлаштиришда дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мурожаатнома институтининг ривожланиши

2017 йилги дастлабки Мурожаатномада марказий тамойил сифатида давлат бошқаруви халқ билан мулоқотга асосланиши, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили эса асосий мезон бўлиши кераклиги кўрсатилган. 

Шунингдек, нореал рақамлар ортидан қувиш масаласи танқид қилиниб, амалий натижадорлик ва инсон манфаати бош мақсад сифатида белгилаб берилган. 

2018 йилги Мурожаатномада 2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номлаш таклиф қилинган ҳамда инвестиция иқтисодиётнинг “юраги” сифатида таърифланган.

2019–2020 йиллардаги Мурожаатномаларда “янги ўн йиллик” ва 5 йиллик стратегик горизонт, иккинчи томондан пандемия шароитида инқирозга қарши чоралар ва ижтимоий ҳимоя механизмлари кенг ёритилган. 

2022 йилги Мурожаатнома “инсон қадри” тамойили, конституциявий ислоҳотлар ва 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном бериш таклифи билан ўзига хос аҳамият касб этган. 

2025 йилда Давлатимиз Раҳбари ўз нутқида “маҳалла” (49 маротаба), “аҳоли” (35), “иқтисодиёт” (28), “бозор” (26) ва “технология” (22) сўзларидан кенг фойдаланилган.

Таҳлиллар иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ёрдам, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, халқ фаровонлигини ошириш, юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш каби масалалар сўнгги йиллардаги Мурожаатномаларнинг ажралмас қисми бўлганини кўрсатади. 2025 йилдаги Мурожаатномада “маҳалла” жамиятимизнинг истиқболдаги ривожи учун муҳим йўналиш сифатида белгилаб берилди.

2025 йилги Мурожаатнома: маҳалла ва номарказлаштириш устувор йўналиш

Маҳалла ўзбек жамиятида азалдан ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик, тарбия ва муросанинг “тирик механизми” бўлиб келган. Бугун эса у “инсон – жамият – давлат” занжиридаги энг яқин ва таъсирчан бошқарув бўғини сифатида қайта таърифланмоқда. Бу ёндашувнинг моҳияти оддий бўлиб, одамларнинг муаммоси қаерда пайдо бўлса, унинг ечими ҳам ўша жойда, яъни маҳаллада топилиши керак, деган мазмунни ифодалайди.

Мурожаатномада давлат сиёсати натижасини баҳолаш учун аниқ мезон белгилаб берилди. У ҳам бўлса, фуқаролар ислоҳотни рақамларда эмас, балки маҳалладаги ижтимоий ўзгаришлар – уй-жой, ичимлик суви, электр, транспорт, боғча, мактаб ва поликлиникадаги шароит орқали ҳис қилиши керак.

Шу маънода, 2025 йилда инфратузилма соҳасида амалга оширилган ишлар эътиборга молик. Жумладан, 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви етказилди, яна 2,3 миллион нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 867 та “оғир” маҳалладаги 470 мингта хонадон томорқасини суғориш учун илк бор сув билан таъминлашга эришилди.

Маҳаллада инфратузилма муаммоларини тез ва самарали ҳал қилиш учун молиявий мустақиллик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис 2026 йилда 33 та туман ва 330 та шароити оғир маҳалла танлаб олиниб, уларда инфратузилма ҳамда тадбиркорликни бир вақтнинг ўзида ривожлантириш учун 8,5 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг муайян қисми ҳудудларда қолдирилиши, ортиқча бажарилган даромадларнинг ярми туман бюджетларига ўтказилиши маҳаллий ташаббуслар имкониятларини янада кенгайтиради. Шунингдек, самарасиз штатлар қисқартирилиши ҳисобига туманлар бюджетларида йилига
5 трлн сўмлик қўшимча манба шаклланиши кутилмоқда.

Иқтисодий ва маънавий тараққиёт уйғунлиги

Маҳалла фақат иқтисодий лойиҳалар майдони эмас, балки жамиятнинг маънавий-тарбиявий муҳитини шакллантирадиган муҳим ижтимоий капитал манбаи бўлиб ҳам ҳисобланади. Шу боис, хотин-қизларни спортга жалб этиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниб, бу йўналишга 1 трлн сўм ажратилиши, мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 млн дона бадиий адабиёт билан таъминлаш режалаштирилган.

Албатта, янги ваколат ва ресурслар билан бирга масъулият ҳам ортади. Маблағларни самарали ва адолатли тақсимлаш, такрорланишларнинг олдини олиш, очиқлик ва жамоатчилик ишончини сақлаш бу жараёнда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил учун белгилаб берилган вазифалар маҳаллани давлат сиёсатидаги энг муҳим “натижалар майдони”га айлантирмоқда. Дарҳақиқат, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятда ишонч 
ва бирдамлик мустаҳкамланади. Ресурслар аниқ лойиҳаларга мақсадли йўналтирилса, инфратузилма яхшиланади, аҳолининг даромади ортади. Шу маънода, маҳалла Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантиришда ҳам ижтимоий бирдамлик манбаи, ҳам иқтисодий тараққиётнинг муҳим драйвери сифатида ҳал қилувчи ўрин тутади.

Давлат Раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг жамият ҳаётидаги аҳамияти, энг аввало, ислоҳотларнинг моҳияти ва натижасини оддий фуқаро ҳаёти билан боғлашида намоён бўлади. 

Асадулло Икрамов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти