Янги Ўзбекистон тараққиёт йўли – бу шунчаки рақамлар ўсиши эмас, аввало одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, ишонч ва адолатни жамиятнинг бош мезонига айлантириш эканлигини барчамиз амалда кўриб турибмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида айнан мана шу ғоя кучли, аниқ ва мақсадли вазифалар билан теран ифода этилди. Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши депутати, профессор Саодат Бозорова мухбиримизга мурожаатномада илгари сурилган ташаббуслар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

– Мурожаатномада нафақат бугунги кун натижалари сарҳисоб қилинди, балки эртанги кун учун ҳам катта режалар илгари сурилди. Улар орасида маҳалла тизими, инновацион тараққиёт, ички бозорни ривожлантириш, касбларни такомиллаштириш, экология ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими каби 6 та устувор йўналишдаги қатор ташаббуслар бор.
Айниқса, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши барчамизнинг дилимиздаги гап бўлди. Бу ислоҳотларнинг марказида инсон, унинг яшаш муҳити, маҳалладаги ижтимоий кайфият ва ҳамжиҳатлик туришини англатади.
Мурожаатномадаги энг қатъий сиёсий-ахлоқий чақириқлардан бири – коррупцияга қарши кураш масаласида янгради. 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши, “Қонун олдида ҳамма тенг” тамойили кескин ва аниқ қўйилгани жамиятимизда ҳалолликни янги мезонга айлантиришга қаратилган кучли иродадир. Барча идораларда комплаенс ва ички назорат кучайтирилиши, бу жараённи четлаб ўтишга уринганлар жавобгарлиги қатъий бўлиши давлат бошқарувида шаффофлик ва жавобгарликни мустаҳкамлаш учун муҳим қадамлар саналади.
Маълумки, Навоий вилояти учун саноат ва кон-металлургия йўналишлари алоҳида аҳамият касб этади. Мурожаатномада маъданни қайта ишлашни кенгайтириш, йирик лойиҳаларни ишга тушириш, хусусан, Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватларини ошириш каби вазифалар тилга олинди. 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажмини 175 тоннага етказиш мақсади ҳам янги саноат дастурининг йирик кўрсаткичларидан бири сифатида қайд этилди. Бу режалар бир томондан, иқтисодий қудратни мустаҳкамласа, иккинчи томондан, Навоий каби саноат ҳудудларида янги иш ўринлари, инфратузилма ва маҳаллаларнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.
Мурожаатномада илм-фан ва технологияларга берилган эътибор ҳам келажакни яққол тасвирлаб берди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш ташаббуси ёшларимизга кучли мотивация, таълим ва инновацияларга эса улкан ишонч берди. Бу нафақат рамзий воқеа, балки муҳандислик, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, аниқ фанлар ва илмий мактабларимизни янги босқичга олиб чиқадиган стратегик йўналиш, десак хато бўлмайди.
Бугун Мурожаатнома биздан битта нарсани талаб қилади: ҳар бир масъул раҳбар зиммасидаги масъулиятни икки карра ошириши лозим. Депутат сифатида қуйидаги фикрни қатъий айтмоқчиман: юксалишнинг калити – ҳалоллик, билим ва фидойиликда. Маҳалла – жамиятнинг юраги, коррупциясиз тизим – давлатнинг суянчи, илм-фан ва инновация – келажакнинг қаноти. Шу уч таянчни мустаҳкамлашда ҳар биримизнинг ҳиссамиз бўлиши зарур.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада белгиланган мақсадлар юртимизнинг улкан имкониятлари ва халқимизнинг салоҳиятига таянади. Биз бу йўлда бирлашсак, маҳаллани кучайтирсак, ҳалолликни ҳаёт мезонига айлантирсак ва билим ҳамдa технологияга суянсак – 2026 йил ва ундан кейинги йиллар Янги Ўзбекистон учун янада юксак марралар йили бўлади. Ислоҳотлар натижаси ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётида янада яққол кўринадиган даврга кириб боряпмиз. Бу имкониятни биргаликда юксак натижага айлантиришимиз керак.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.