Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатнома: халқ ва давлат бирлиги ифодаси
14:48 / 2025-12-27

Муносабат

Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатимизнинг сўнгги йилларда босиб ўтган тараққиёт йўлини чуқур таҳлил қилиш, эришилган натижаларни баҳолаш ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб бериши билан алоҳида аҳамият касб этди.

Сабаби, ушбу Мурожаатнома нафақат мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни таҳлил қилиш, эришилган ютуқларни баҳолаш, балки келажак учун аниқ йўналишлар ва вазифаларни белгилашга хизмат қилади.

Жумладан, Президентимиз ўз нутқи аввалида сўнгги тўққиз йил ичида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб, иқтисодиётни тубдан янгилаш, бозор муносабатларини жорий этиш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида катта ютуқларга эришилганини алоҳида таъкидлади. 

Мурожаатномада жаҳондаги мураккаб геосиёсий ва иқтисодий вазият, хавф-хатарлар ортиб бораётган шароитда Ўзбекистон барқарор ривожланиш йўлини сақлаб қолгани алоҳида қайд этилди. Халқимизнинг бирдамлиги, ёшларнинг ғайрат-шижоати, маҳалланинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланиши ва тадбиркорларнинг фаоллиги туфайли 2025 йил мамлакатимиз учун улкан ютуқлар йили бўлди. Айниқса, иқтисодий ўсиш суръатлари барқарорлиги, экспорт ҳажми ошиши, олтин-валюта захиралари рекорд даражага етиши Ўзбекистон иқтисодиётининг ишончли асосга эга эканини кўрсатади.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимиз тарихида илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошиши халқимизнинг улкан салоҳияти ва меҳнатсеварлигининг яққол намунасидир. Шу билан бирга, халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзбекистоннинг суверен рейтинги кўтарилгани мамлакатимизга бўлган ишонч янада мустаҳкамланаётганини англатади. Бу эса инвестиция муҳитини яхшилаш, ташқи молиявий ресурсларни арзонроқ жалб қилиш учун кенг имкониятлар очади.

Шу билан бирга, Мурожаатномада аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий ислоҳотларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Камбағаллик даражасининг сезиларли даражада қисқариши, миллионлаб инсонларнинг даромадли бўлиши, “камбағалликдан холи маҳаллалар” сонининг ортиши давлат сиёсатининг самарали эканини кўрсатади. Айниқса, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш, инклюзив таълимни жорий этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар жамиятда ижтимоий адолат ва тенг имкониятлар тамойилини мустаҳкамламоқда.

Таълим, илм-фан, спорт ва маданият соҳаларида эришилган ютуқлар ҳам Мурожаатномада алоҳида эътироф этилди. Ёшларимиз халқаро олимпиадалар, жаҳон чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритаётгани Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал ва маънавий салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради. Айниқса, футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг илк бор жаҳон чемпионатига чиққани бутун халқимиз учун тарихий воқеа бўлди.

Мурожаатномадаги муҳим жиҳатларидан яна бири – маҳалла институтига берилган алоҳида эътибордир. Давлат раҳбари 2026 йилни – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили, деб эълон қилишни таклиф этиб, маҳалланинг ижтимоий бирдамлик, тарбия ва фуқаролик фаоллигини оширишдаги ўрнини чуқур асослаб берди. Хусусан, маҳалла тинч бўлса – жамият тинч, маҳалла ривожланса – мамлакат юксалади, деган ғоя бутун Мурожаатноманинг маънавий ўзагини ташкил этади.

Қолаверса, иқтисодиётни технологик ва инновацион ривожланиш моделига ўтказиш, “яшил” энергетика, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, стартаплар ва венчур молиялаштиришни ривожлантириш бўйича билдирилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг келгуси ўн йилликларда рақобатбардош давлатга айланишига хизмат қилади. Шунингдек, касбий таълимни тубдан ислоҳ қилиш, техникумлар ва олий таълим муассасаларини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш орқали замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек, Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашни кескин кучайтириш масалалари ҳам қатъий ва аниқ позиция билан баён этилди. 

Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси – бу фақат йиллик ҳисобот эмас, балки Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги аниқ режа, халқ билан очиқ мулоқот ва келажакка ишонч билан қараш ифодасидир.

Ушбу Мурожаатнома ҳар бир фуқарони Ватан тараққиётига дахлдорлик руҳида яшаш, масъулият билан меҳнат қилиш ва бирдамликда ҳаракат қилишга чорлайди. Шубҳасиз, белгилаб берилган устувор вазифалар амалга оширилса, Ўзбекистон яқин йилларда даромади ўртадан юқори бўлган, замонавий ва фаровон давлатлар қаторига қўшилади.

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

                             Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Аграр ва сув хўжалиги

масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

ЎзА