Самарқандда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.
Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги бошқарма ва идоралар, муассасалар масъуллари, маҳалла еттилиги вакиллари ва ёшлар қатнашди.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи Ҳотамжон Кетмонов, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Фармон Тошев ва бошқалар Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган устувор йўналишлар, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланган жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида сўз юритдилар.
Шунингдек, айни пайтда такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан фикрлар билдирилди. Мазкур стратегия фақатгина истиқболли режа эмас, балки ҳар бир соҳада аниқ натижага қаратилган амалий дастур эканлиги, уни амалга оширишда жамиятнинг барча қатламларидан фаоллик ва масъулият талаб этилиши таъкидланди.

– Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда миллий маънавиятни асраш, турли мафкуравий таҳдидларга қарши маънавий иммунитетни шакллантиришда зиёлиларнинг ўрни ва масъулияти ортиб бормоқда, – дейди Республика маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими Шаҳло Аҳророва. — Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ва Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ҳозирги таҳликали замонда халқ ва давлат ўртасидаги маънавий кўприк бўлган зиёлилар зиммасига катта масъулият юкламоқда. Бундай тадбирлар ислоҳотлар моҳиятини тушунтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида миллий ўзликни англаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир давомида ҳудудларда амалга оширилаётган йирик қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, чекка маҳаллаларгача инфратузилманинг етиб бораётгани, аҳолининг яшаш шароити яхшиланаётгани ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи Ҳотамжон Кетмонов маҳаллаларда “Обод кўча”, “Обод хонадон”, “Обод маҳалла” мезонлари асосида амалга оширилаётган ишлар Янги Ўзбекистон қиёфасини шакллантираётгани, аксарият ҳудудларда камбағаллик даражаси қисқариб, ажримлар, жиноятлар сони камайганини қайд этди.
Тадбирда ёшларни ташқи мафкуравий босимларга қарши матонатли бўлишга ўргатиш, уларда Янги Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қудрати ва салоҳиятига нисбатан фахр туйғусини уйғотиш мақсадида вилоятда “Шижоат” ватанпарварлик лойиҳаси асосида мамлакат тинчлиги ва барқарорлигини асрашда армия ва халқ якдиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА