Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёт йўлида Давлат раҳбарининг мурожаатномаси стратегик ҳужжат сифатида муҳим аҳамият касб этади. У мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини, фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим устувор йўналишларни белгилаб берди.

Президентимиз ўз нутқида иқтисодий ўсишни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иш ўринлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Макроиқтисодий барқарорликни сақлаш, инвестицион муҳитни яхшилаш ва маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Мурожаатнома таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва ижтимоий ҳимоя масалалари давлатнинг доимий эътибор марказида эканини яна бир бор тасдиқлади. Айниқса, сифатли таълим, соғлом авлодни шакллантириш, инфратузилмани яхшилаш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини камайтириш масалалари келажакда ҳам асосий вазифа бўлиб қолади.
Хусусан, Мурожаатномада 188 та маҳаллада яшовчи 715 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви етказиб берилгани, шунингдек, қарийб 2 миллион 300 минг аҳолининг сув таъминоти яхшилангани таъкидланди. Шу билан бирга, 867 та “оғир” маҳалладаги 470 мингта хонадон томорқани суғориш учун сув билан таъминланиб, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга пасайгани, қарийб 1,5 миллион нафар эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқарилгани қайд этилди.
Шунингдек, туманлар молиявий мустақиллигини ошириш мақсадида туман бюджети даромадларини камида икки баробар кўпайтириш вазифаси белгиланди. 2026 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғидан тушумларнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, бошқа ҳудудларда эса 20 фоизи жойларда қолдирилиб, ушбу маблағнинг ярми туманлар бюджетига йўналтирилади. Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушган маблағлар тўлиқ туман бюджетларига ўтказилиши маҳаллий имкониятларни янада кенгайтиради.
Таъкидлаш лозимки, бундан олдин ташқи қарз миқдорини белгилаш ваколати Парламентга ўтказилганди. Энди эса Президентимиз давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллаш ваколатини ҳам Парламент ихтиёрига ўтказишни таклиф этди. Ушбу таклиф молиявий қарорлар қабул қилишда ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимият ўртасидаги мувозанатни янада мустаҳкамлаб, бу борада жамоатчилик вакиллари олдидаги ҳисобдорликни оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бундан ташқари, мурожаатномада давлат харидлари соҳасида тартиб-интизомни кучайтиришга ҳам алоҳида урғу берилди. Бундан буён товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланиши ҳақидаги таклиф давлат маблағларидан фойдаланишда шаффофликни таъминлаш, суиистеъмолчилик хавфини камайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ҳудудий бошқарув тизимида ҳам муҳим янгиликлар белгиланди. Бундан олдин вилоят даражасида ҳокимлик ва маҳаллий кенгашлар раислиги лавозимлари ажратилган бўлса, энди ушбу тизим 2026 йилдан бошлаб 208 та туман ва шаҳарда ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу қарор маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро тийиб турувчи механизмларни кучайтириш, вакиллик органларининг ролини оширишга қаратилган стратегик қадам сифатида баҳоланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, мазкур жиддий сиёсий ислоҳот ҳокимлар ва ижро идораларининг маҳаллий Кенгашларга муносабатини мутлақо ўзгартиришни талаб қилади. Энди депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратура органларига тақдимнома киритилиши белгиланди. Бу эса вакиллик органларининг назорат функцияси қоғозда эмас, амалда ишлашини таъминлашга қаратилган қатъий сиёсий ироданинг ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни алоҳида эканини таъкидлаб, бу борада уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилиши, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилишини маълум қилди. Ушбу институтларга ижтимоий буюртма бериш тизими рақамлаштирилиб, молиялаштириш ҳажмининг икки карра оширилиши режалаштирилаётгани давлат ва жамоат институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Умуман олганда, Мурожаатномада белгиланган олти устувор йўналиш – маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодий ўсишни технологик ва инновацион ривожланиш моделига ўтказиш, ички бозор ва талабни қўллаб-қувватлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш – аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан уйғун комплекс стратегияни шакллантиради.
Президентимиз мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар давлат бошқарувини марказлаштириш эмас, аксинча, уни қонун, Парламент ва жамоатчилик олдида ҳисобдор қилиш ғоясига таянади. Ҳар бир соҳадаги трансформация ва фуқаролар ҳаётида сезиларли ўзгаришлар яратиш мурожаатноманинг асосий мақсади бўлиб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли турмуш тарзини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.