Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатнома – миллий тараққиёт ва халқ фаровонлигининг стратегик дастури
17:34 / 2026-01-26

Янги Ўзбекистонимиз сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар, очиқлик ва тараққиёт йўлида изчил қадам ташламоқда. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида амалга оширилаётган ўзгаришлар халқ фаровонлигини ошириш, инсон қадрини улуғлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мана тўққиз йилдирки, давлатимиз раҳбари ҳар йилнинг якунида Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатнома билан чиқадилар. Бу анъанага айланиши баробарида, келгуси йилнинг бош режасига айланиб, йил давомида ана шу эзгу ният ва мақсадлар асосида турли дастур ва қарорлар қабул қилиниб, ҳуқуқий база яратилади. Вазифалар аниқ белгиланиб, ҳаётга кенг татбиқ этилади.

Маълумки, 2025 йилнинг 26 декабрь куни навбатдаги Мурожаатнома тақдим этилди ва ҳар йилгидек унда асосий эътибор халқимиз турмуш фаровонлигини ошриш йўлида йил давомида амалга оширилган ишлар кенг ва чуқур таҳлил қилиниб, ютуқлар эътироф этилди. Агар рақамларга назар ташласак, ўсиш, илгарилаш, ривожланган давлатлар билан ҳамкорликда барча йўналишларда ижобий тенденция кузатилаётганини кўриш мумкин.

“...Эътибор беринг, бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бундай юксак натижалар халқимизнинг, барчамизнинг қандай улкан ишларга қодир эканимизни яққол намоён этмоқда.”

Яна бир таҳлил:

“Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг топ-10 та мамлакати қаторидан жой олди.”

Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаган ушбу рақамларни умум мамлакат миқёсидан шахсий таҳлилга олиб тушсак, албатта, унинг ижросида миллионлаб юртдошларимиз турмуш фаровонлиги тобора ошиб бораётганида кўрамиз. Бугун фуқароларимиз диёримизда яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда ўз ютуқларини ривожлантирмоқда. Ички бозорни тўлдириш баробарида, ташқи бозорда “Made in Uzbekistan” бренди остида табиий, чидамли рақобатбардош маҳсулотларнинг эркин савдосини йўлга қўймоқдалар.

Президентимизнинг таклиф ва талаблари билан хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ҳамкорларга мамлакатимизда ишчанлик муҳитини яратиб бериш эвазига дунё давлатлари орасида ўлкамизга бўлган ишонч ортмоқда. Юртимиздаги қулай бизнес муҳити Ўзбекистонни инвесторлар учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда. Хусусан, 2017 йилдан буён барча иқтисодиёт тармоқларига 130 миллиард долларлик хорижий инвестиция олиб келинди. 2025 йилнинг ўзида чет эллик ҳамкорлар билан 140 миллиард долларлик янги инвестициявий келишувларга эришилгани, жорий йилда эса бу кўрсатгични янада ошириш кўзда тутилаётгани – диёримизнинг жаҳон иқтисодий маконида ишончли ва жозибадор шерик сифатида эътироф этилаётганидан далолатдир.

Қайд этиш керак, республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортмоқда. Буни Президентимиз Мурожаатномада алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

“Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “ББ -”дан “ББ” поғонасига кўтарди.”

Албатта, давлатимиз раҳбари буларнинг барчасини сизу биз яъни, давлат ва миллат бирлиги йўлида фидойилик билан фаолият олиб борадиган катта куч – халқимизга ишониб, суяниб ва уларнинг ҳаётларини янада яхшилашни эзгу мақсад қилиб таъкидлади. Чунки бош Қомусимизда белгилаб қўйилганидек, “Давлатнинг бирдан бир манбаи – бу унинг халқи”. 

Биз – бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз. Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз. Ҳар йили аҳолимиз ўртача 2 фоизга ўсмоқда, 1 миллиондан зиёд ўғил-қизларимиз катта ҳаётга кириб келмоқда. Ёшларимизга қараб, улар эришаётган ютуқларни кўриб, кўксимиз тоғдек кўтарилади, қандай улкан бунёдкор куч сафимизга қўшилаётганидан ғурурланиб кетамиз, деди Президентимиз ўз нутқида.

Аслида ҳам бизнинг энг катта бойлигимиз – ёшларимиз, болажон, серфарзанд, пиру-бадавлат оилаларимиздир. Бугун қатор давлатларда демографик таназзул кузатилаётган, келажак борасида турли ташвишли таҳлиллар қилинаётган бир пайтда Ўзбекистон аҳолисининг ўсиб бораётгани келажакка бўлган ишонч, миллатнинг ҳаётий қуввати ва барқарор тараққиёт салоҳияти юксак эканини яққол намоён этади. Ёшлар улушининг ортиб бориши эса таълим, бандлик ва инновация соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратиб, мамлакатнинг узоқ муддатли ривожи учун бебаҳо ресурс бўлиб хизмат қилмоқда.

Эътиборлиси, Мурожаатномада 2026 йил учун муҳим 6 та устувор йўналишлар белгиланиб, барча соҳаларда қилинадиган кенг кўламдаги вазифалар илгари сурилди. Ва Президентимиз бу улкан мақсадларни ҳаётга татбиқ этишда албатта, меҳнаткаш, лафзи ҳалол халқимизга суянишини алоҳида таъкидлаб, катта ишонч билдирди.

Умуман олганда, Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси Янги Ўзбекистон тараққиётининг аниқ мақсад ва вазифаларини белгилаб берган, халқ манфаатларига хизмат қиладиган мукаммал стратегик дастур сифатида намоён бўлди, дейиш мумкин. Белгиланган мақсадлар, албатта, меҳнаткаш, ташаббускор ва ватанпарвар халқимиз билан биргаликда амалга оширилиб, Ватанимизни янада қудратли, фаровон ва барқарор давлатга айлантиришга хизмат қилади.

Олимбек Алиев,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD),

ЎзА