Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги туман, шаҳар Кенгашлари ва касаба уюшмаси қўмиталари раисларининг малакасини ошириш бўйича ўқув семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги "Заркент" санаторийсида ташкил этилган ўқув семинари давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган касаба уюшмаларининг устувор вазифалари мавзуси билан бошланди.

Мурожаатномада юртимизда охирги йилларда бажарилган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари билан бир қаторда, яқин ва кейинги давр учун белгиланган устувор вазифалар аниқ ифода этилгани таъкидланди. Касаба уюшмалари ҳам Мурожаатномадан келиб чиқиб, ўз олдига бир қатор устувор вазифаларни белгилаб олди.
Ўқув семинарида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Аброр Отабоев томонидан Ўзбекистон Республика Президентининг 2025 йил 17 октябрдаги касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувида ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IХ-Қурултойида берилган топшириқлардан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида иштирокчиларга маълумотлар берилди.

Ўқув жараёнида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолатда "Жамоавий музокараларни ташкил қилиш тўғрисида"ги, "Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида"ги, "Жамоа шартномаси лойиҳасини муҳокама қилиш ва қабул қилиш тўғрисида"ги ҳамда "Жамоа шартномасини экспертизадан ўтказиш ва ижросини назорат қилиш тўғрисида"ги мавзулар бўйича тақдимотлар қилди.
Шунингдек, "Йўлланмалардан самарали фойдаланиш тўғрисида"ги, "Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги Тақдимномани кўриб чиқиш тўғрисида"ги, "Муддатидан олдин сайловни ташкил қилиш тўғрисида"ги, “Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ҳамда “Маданий, маърифий ва спорт ишларини самарали ташкил қилиш тўғрисида”ги мавзулар бўйича ҳам дарс машғулотлари ўтказилиб, ушбу мавзулар бўйича иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.
Ўқув давомида "Билимлар баҳси" интеллектуал ўйини ўтказилиб, иштирокчилар олган билимларини янада мустаҳкамлади.

Абдураҳим Мелибоевнинг Фарғона туманидаги 28-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси вазифасида иш бошлаганига эндигина бир ой бўлди. Унинг қайд этишича, ўқув-семинар етакчилар учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Айниқса, иш фаолиятида кўп учрайдиган масалалар бўйича маърузачилардан кўплаб маълумотлар олди. Бундай ўқувларнинг ташкил этилиши касаба уюшмаси фаолларининг ўз устида тинимсиз ишлаши, юртимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлардан хабардорлик ҳиссини оширишга ундайди.
– Интерфаол усуллар, юзма-юз мулоқотлар, эркин фикрлар асосида ташкил этилган ўқувлардан кўп нарсаларни ўргандик. Бундан ташқари, бошқа ҳудудлардаги ҳамкасбларимиз билан ҳам танишиб, фикр алмашдик, – дейди Фурқат туманидаги 31-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Ферузахон Ваҳобова.
Якунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан касаба уюшма ташкилотлари фаолларининг билимларини янада ошириш ва мустаҳкамлаш мақсадида махсус ишлаб чиқилган Касаба Малака онлайн платформаси орқали иштирокчилар тест топшириқларини бажариб, Сертификат билан тақдирланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА