Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятини аҳолига чуқур ва тизимли етказишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар изчил давом этмоқда.
Давлат тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаб берган ушбу дастурий ҳужжатлар бугунги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва келгуси ривожланишнинг мустаҳкам пойдевори сифатида жамият ҳаётида алоҳида ўрин тутади.
Шу каби тарғибот тадбири Арнасой туманида ҳам ўтказилди. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида илгари сурилган асосий ғоялар — инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиётда барқарор ўсишни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат бошқарувини очиқ ва самарали қилиш каби устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича таҳлил қилинди.
Тадбирда иштирок этган Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов Мурожаатнома ва “Ўзбекистон–2030” стратегиясидан келиб чиқадиган вазифалар ҳудудлар даражасида аниқ режа ва амалий чора-тадбирлар билан таъминланиши зарурлигини таъкидлади.
— Президентимиз Мурожаатномада ҳар бир раҳбардан натижа талаб қилмоқда, — деди туман ҳокими. — Асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган. Ёшларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, уларни иш билан таъминлаш ҳам устувор вазифалар сирасига киради. Шу мақсадда Арнасой туманида ҳар бир маҳалла кесимида манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси қатъий назоратга олинмоқда. Биз учун энг муҳим мезон — қабул қилинган қарорларнинг аҳоли ҳаётида сезиларли натижа бериши.
Тадбир давомида Миллий университетнинг Жиззах филиали катта ўқитувчиси Гулноза Рашидова Мурожаатнома ва стратегияда белгиланган мақсадларга эришишда маънавий-маърифий ишлар ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида кўзда тутилган вазифалар фуқароларнинг фаол иштироки ва ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайгандагина тўлиқ рўёбга чиқади.
[gallery-27303]
Жиззах давлат педагогика университети доценти Шоҳида Сиддиқова эса таълим соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб, Мурожаатномада таълим сифатини ошириш, педагогларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни интеллектуал ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида урғу билан қайд этди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, хотин-қизлар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, маҳаллаларда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикрлар алмашилди. 200 нафардан ортиқ иштирокчи томонидан билдирилган савол ва таклифларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Айтиш жоизки, Президент Мурожаатномаси ва “Ўзбекистон–2030” стратегияси — бу шунчаки режалар эмас, балки ҳар бир раҳбар ва ҳар бир фуқаронинг бугунги масъулиятини белгилаб берувчи муҳим дастуриламалдир. Уларнинг мазмун-моҳиятини халқ онгига чуқур сингдириш эса ислоҳотларнинг барқарорлиги ва тараққиётнинг узвий давомини таъминлайди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари