Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатнома – ҳар бир соҳадаги янгиланиш учун муҳим қадам
09:00 / 2020-12-31

Юртбошимизнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномасини бутун халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан оинаи жаҳон орқали тўғридан-тўғри кўрди.

Шахсан мен ҳам мазкур Мурожаатномани депутат сифатида диққат билан тинглаб, ўз олдимга бир қатор вазифаларни белгилаб олдим.

Мурожаатномада ўтган йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб этилиб, келгуси йилларда мамлакатимизни янада ривожлантириш борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилди.

Сир эмаски, 2020 йил барча давлатлар учун мураккаб кечди. Дунё халқлари, ҳатто ривожланган мамлакатлар аҳолиси ҳам коронавирус пандемияси оқибатларидан бирмунча азият чекди. Ўз навбатида, мазкур пандемия Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўз вақтида кўрилган тезкор чора-тадбирлар, белгиланган махсус дастурлар, амалий саъй-ҳаракатлар туфайлигина ушбу вирус оқибатларини юмшатишга, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилишга эришилди. Мурожаатномада Юртбошимиз даставвал ушбу мавзуда гапирди. 

Дарҳақиқат, пандемия шароитида ўзбек халқи ўзининг миллий қадрият, меҳр-оқибат, саховат ва мурувват каби азалий анъаналарига содиқлигини яна бир карра исботлади. Шу туфайли ҳам кам таъминланган оилалар, якка ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор фуқаролар халқимизнинг, қолаверса, ҳукуматимизнинг эътиборида бўлди. Уларга ҳар томонлама моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Пандемия даврида хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилгани Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилди. Бундан ташқари, пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани, айниқса, эътиборлидир.

Давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий кўмаклар берилди.

Пандемия даврида барча соҳалар давлатимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланганини тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилганидан ҳам билсак бўлади. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига 100 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп кредитлар ажратилди. 2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди. Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар янада қўллаб-қувватланишини таъкидлаб, «Тадбиркорлик кодекси» ишлаб чиқилишини таъкидладилар. 

Бу борада яна кўплаб мисолларни, амалий ишлар-у рақамларни келтиришимиз мумкин. Президентимиз табири билан айтганда, пандемия шароитида жаҳондаги вазиятга сергаклик билан қараб, барчамиз – ким бўлишимиз, қайси вазифада ишлашимиздан қатъи назар, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлаш ҳақида жиддий ўйлашимиз зарур. Зеро, республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқишда янги сиёсий муҳит вужудга келди. 

Мурожаатномада Юртбошимизнинг глобал инқироз шароитида иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш, кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, ёшларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш барча раҳбарларнинг бош вазифаси бўлиши кераклигини айтгани халқимизни бағоят мамнун этди. Айниқса, Янги Ўзбекистонни билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этиш мақсадида Президентимиз томонидан кириб келаётган 2021 йилни мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб номлаш таклиф этилгани эртанги порлоқ келажакка, бугунги ислоҳотларга ишончни мустаҳкамлади, десак муболаға бўлмайди. Чунки келажакни ёшлар қуради, тафаккури юксак ёшлар эртанги кунимиз бунёдкорлари саналади. Шу нуқтаи назардан, янги авлод кадрларини тайёрлашда Мурожаатномада таълим ҳамда ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди. 

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари таълим ва ёшлар сиёсати бўйича ўта долзарб бўлган бир қанча муҳим таклифларни илгари сургани мамлакатимизда ёшлар масаласига жиддий эътибор қаратилиб келинаётганини исботлайди. 

Шу ўринда уларнинг айримларини келтириб ўтамиз:

  • мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш;
  • таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро дастурларга мослаштириш;
  • иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университет ташкил этиш ва ушбу олийгоҳда чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия бериш;
  • олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, кейинги йилдан бошлаб, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши;
  • олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиши;
  • аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши;
  • олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши;
  • «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши;
  • янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилиши;
  • келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилиши ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилиши;
  • илғор халқаро амалиёт асосида, доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилиши;
  • ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши;
  • ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилиши;
  • 2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминланиши кабилар.

Юртбошимиз ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказишимиз зарурлигини алоҳида таъкидлагани биз ота-оналар, педагоглар, қолаверса, депутатлар зиммасига улкан масъулият юкланади.

Хулоса ўрнида айтганда, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини том маънода ҳар бир соҳадаги янгиланиш учун муҳим қадам дейиш мумкин. Боиси, унда илгари сурилган вазифалар энг аввало, халқимиз турмуш тарзини, яшаш шароитларини яхшилашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, Мурожаатномада белгиланган вазифалар халқимизни юксак марралар сари етаклайди.

 

Собир ТУРСУНОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,