French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатларнинг ечими қандай якун топмоқда?
16:09 / 2021-09-16

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, таҳлил, муаммо ва ечимлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда вазирлик томонидан олиб борилаётган энг муҳим ишлар ва амалий натижалар ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумотлар берилди.

– Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 59 960 та мурожаат келиб тушган, –дейди вазирликнинг Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жамшид Назарбоев. – Уларнинг асосий қисми Халқ қабулхоналари, вазирликнинг “1146” рақамли ишонч телефони орқали қилинган мурожаатлар. Ҳозирга қадар қилинган мурожаатларнинг 4395 таси, яъни 7 фоизи бевосита вазирлик раҳбариятининг қабули жараёнида ҳамда юқори турувчи идора ва ташкилотлардан келиб тушган аҳоли мурожаатларидир.

Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона вилоятларидан келиб тушган.

Тадбир давомида вазирликка келиб тушаётган аҳоли мурожаатларининг мазмуни бўйича ҳам алоҳида маълумотлар бериб ўтилди.

–Мурожаатларнинг асосий қисми оилани мустаҳкамлаш, фуқаролар йиғинлари фаолияти, хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уй-жойини таъмирлаш ва соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам ажратиш масалаларига доир, –дейди бошқарма бошлиғи Дилором Қўзиева. 

–Афсуски, маҳалла тизимида ҳам ўз ишига лаёқатсиз, таъмагир инсонлар борлиги сабабли айрим ҳолларда моддий ёрдамнинг ўз эгаларига етиб бормаслиги, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритиш учун пул маблағлари талаб қилиш ҳолатларига ҳам дуч келинмоқда. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйган камчиликлари учун тизимда меҳнат қилаётган 59 нафар ходимга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган, 64 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган журналист ҳамда блогерлар томонидан аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини камбағалликдан қутқариш, маҳалла раисларининг касб этикасини ошириш, мурожаатларнинг ечими қандай якун топаётгани борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА