French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинмоқда
12:02 / 2023-11-17

Аҳолини ўйлантираётган масалалар ёки жойларда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарининг ўрни ошиб бормоқда. Одамлар бугун у ёки бу масалада давлат бошқаруви органлари билан бирга мазкур қабулхоналарга мурожаат қилиб, масалага ечим топмоқда.

Республикамизда аҳолиси энг кўп туманлардан бири ҳисобланган Ургут туманидаги Халқ қабулхонасига йилнинг ўн ойида юридик ва жисмоний шахслардан 8349 та мурожаат тушибди. Қабулхона мудири Абдуазиз Худойбердиевнинг маълум қилишича, шу пайтгача бу мурожаатларнинг 6101 таси ёки 79 фоизи қаноатлантирилган. 1357 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган ва 615 таси айни пайтда ўрганиш жараёнида экан.  

Секторлар бўйича туман ҳокимининг секторида 2129 та мурожаатнинг 877 таси ижобий ечим топган. Туман прокурори бошчилигидаги 2-секторда эса 2284 та мурожаатдан 886 таси, ИИБ бошлиғи етакчилигидаги 3-секторда 2485 тадан 971 таси ва солиқ инспекцияси бошлиғи cекторида 1451 та мурожаатнинг 572 таси ижобий ҳал этилган.

– Халқнинг дардини, мурожаатларини эшитиш, уларга ечим топиш ва аҳолини рози қилиш – асосий вазифамиз, – дейди Абдуазиз Худойбердиев. – Шунинг учун, имкон қадар, мурожаатларни ижобий ҳал қилишга интиламиз. Туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Бу ҳар бир масалага тезкор ечим топишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот, тушунтириш ишларини олиб бориш аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошишига ва мурожаатлар камайишига ёрдам беради. Нима учун буни айтяпман? Бунга асосларимиз бор. Чунки, йил бошидан буён мурожаатларнинг энг кўпи (654 таси) болалар нафақаси билан боғлиқ бўлди. Аслида, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас. Сабаби ҳозирда болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш электрон тизим орқали амалга оширилади ва бунинг учун идорама-идора юришга ҳожат йўқ. Аммо ҳамма ҳам буни билмаслиги оқибатида ушбу масалада маҳаллага, кейин бизга ёки ҳокимликка мурожаат қилишади. Бундан ташқари, алимент ундириш (475 та), электр энергияси таъминотидаги узилишлар (291 та), суюлтирилган газ билан таъминлаш (259 та), маҳалла ички йўлларини таъмирлаш (176 та), даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам (137 та) билан боғлиқ мурожаатлар ҳам кўп бўлди. Чағизмон, Қуйи Торинжак, Чоштепа маҳаллалари аҳолиси йўл, электр, газ ва ичимлик сув суви таъминоти, интернет алоқа тармоғи тортиш ҳамда ижтимоий соҳа объектларидаги муаммолар юзасидан мурожаат қилганди. Ўз навбатида биз бу масалалар юзасидан туман, зарур пайтда вилоят ҳокимлигига ва бошқа ташкилотларга чиқиб, маблағ ажратилишига, муаммолар ижобий ҳал этилишига эришаяпмиз.  

Чоштепа маҳалласи туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашган. Чоштепа, Қумбелсой ва Полвон қишлоқларидан иборат маҳаллада 3272 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳолисининг қишлоқлардаги ички йўлларни таъмирлаш бўйича Халқ қабулхонасига мурожаатдан сўнг, 700 метр йўлга асфальт ётқизилди. Тупроқ йўлларга эса тош-шағал тўшалди.

– Ҳудудни ободонлаштириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида маҳалладаги қабристон ва унинг атрофи ободонлаштирилди – дейди Чоштепа маҳалласи раиси Умид Рўзиқулов. – Аҳолига 150 тонна кўмир ва 80 та суюлтирилган газ баллони етказиб берилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.  

Тумандаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилганлар орасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида субсидия асосида асбоб-ускуна ёки имтиёзли кредит сўраган ишсиз фуқаролар ҳам бор. Бешкапа маҳалласида яшовчи Зарина Расулова айнан шу масалада мурожаат қилганди.

– Ишсизлигим сабабли “Аёллар дафтари”га киритилган эдим, – дейди Зарина Расулова. – Бирор бир фаолият билан шуғуллансам, давлат томонидан имтиёзлар берилишини айтишди. Кейин тикувчилик билан шуғулланиш ва имтиёзли кредит олиш мақсадида Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. 15 миллион сўм кредит берилди ва туман ҳокимлиги томонидан ажратилган бинода тикувчилик цехи ташкил қилдим. Ҳозир ўзим ва яна беш нафар хотин-қиз билан тикувчилик қиляпмиз, тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Чопон тикяпмиз. Дастлаб бошқа тадбиркорларнинг буюртмасини  бажарардик. Энди ўзимиз бозорга маҳсулот чиқаряпмиз. Қишлоқдаги бошқа аёлларни ҳам касаначи сифатида ишга жалб қилиб, фаолиятимизни кенгайтиряпмиз. Келгусида замонавий ускуналар харид қилиб, беш турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари