Давлатимиз раҳбари яқинда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилишини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари яқинда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилишини алоҳида таъкидлади. Бу борада халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси амалга оширилиши қайд этилди.
Жумладан, Халқ қабулхоналари том маънода халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиши учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратилиши айтилди. Бундан беш йил аввал ташкил этилган Президент Халқ қабулхоналари ўтган давр мобайнида чиндан ҳам аҳолининг дарду ташвишлари эшитиладиган, уларга ечим топиладиган даргоҳга айланди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг ўн ойида фуқаролардан 19 минг 817 та мурожаатлар келиб тушган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 13 минг 619 тани ташкил этган экан. Ушбу рақамларнинг ўзи аҳолининг Халқ қабулхоналарига ишончи ошиб бораётганидан далолат беради. Эътиборлиси, келиб тушган мурожаатларнинг 15 минг 459 таси ёки 74,5 фоизи кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган. Ўтган йилнинг ўн ойида мурожаатларнинг қаноатлантирилиши 60 фоизни ташкил этган.
– Соҳалар кесимида энг кўп мурожаатлар (2261 та) газ, электр энергияси ва сув таъминоти масалаларида қайд этилди. Шунингдек, моддий ёрдам (1795 та), иш билан таъминлаш (1458 та), алимент ундириш (1481 та) билан боғлиқ мурожаатлар кўп бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев. – Ҳисобот даврида вилоят Халқ қабулхонаси биносида 2-сектор раҳбари, вилоят прокурори ва 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи бир маротабадан, вилоят маъмурий суди раиси уч маротаба ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори бир маротаба шахсий қабул ўтказди. Вилоятдаги бошқа бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари эса Халқ қабулхонасида бирор марта ҳам шахсий қабул ўтказмади.
Мурожаатларни қаноатлантириш даражаси Каттақўрғон тумани (42,5 фоиз), Нарпай (45 фоиз) ва Жомбой туманларида (48) паст бўлди. 467 та мурожаатларнинг муддати бузиб ёпилди. Жумладан, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида 94 та, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида 90 та, Халқ банки вилоят филиалида 65 та мурожаат белгиланган вақтдан кеч кўриб чиқилган. Мурожаатлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича берилган тақдимнома ва таклифлар асосида 186 кишига қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилди.
Бугунги кунда муддати бузилган ва ижроси таъминланмаган мурожаатлар “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида 33 тани, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида 6, вилоят халқ таълими бошқармасида 3 тани ташкил этмоқда.
Халқ қабулхонаси раҳбарияти шу ва бошқа ҳолатлар юзасидан яқинда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига ахборот берди. Шунингдек, бир қатор ташкилотларнинг аҳоли муаммолари ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича фаолиятини кўриб чиқиш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга қаратилган зарур чоралар белгилаш юзасидан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига мурожаат қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА