Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатларга эътибор қаратилиб, муаммоларга ечим изланди
16:48 / 2026-02-27

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолиятида фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, мурожаатларни бевосита тинглаш ва уларга қонуний ечим топиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йилнинг 26 февраль куни Кенгашнинг бир гуруҳ судьялари Жиззах вилоятида сайёр қабул ўтказишди.

Вилоят Халқ қабулхонаси биносида ташкил этилган қабулда чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи 14 нафар фуқаро ўзларини қийнаётган ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаат қилди. Мазкур мурожаатлар Кенгаш аъзолари ва Жиззах вилояти суди раҳбарияти томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Қабул жараёнида мурожаатчиларнинг арзлари тингланиб, амалдаги қонунчилик нормалари асосида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Икки мурожаат ёзма ариза сифатида расмийлаштирилиб, қўшимча ўрганиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун назоратга олинди. Тўққиз мурожаат бўйича зарур ҳуқуқий изоҳлар шу жойнинг ўзида тақдим этилди. Уч масала эса ижобий ҳал қилинди.

Бундай сайёр қабуллар мурожаатларни жойида кўриб чиқиш, муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва одил судлов тамойилларини амалда таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири