Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатларда кўтарилган муаммоларнинг 76 фоизига тушунтириш бериш билан чекланилган – Шерзод Асадов
12:52 / 2021-07-26

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 26 июль куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг анъанавий брифинги бўлиб ўтди.

Брифингда 23 июль бўлиб ўтган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари фаолиятининг биринчи кунидан халқ билан мулоқотни йўлга қўйди. Бошқа раҳбарлар ҳам пастга тушиб, аҳоли эҳтиёжлари ва талаблари асосида ишлашни бошлади.

Халқ қабулхоналари бу борада муҳим институтга айланди. Уларга бўлаётган мурожаатлар аксарияти ҳал этилмоқда. Шу билан бирга, улар асосида соҳалардаги камчиликларга “ташхис” қўйилиб, муҳим қарорлар қабул қилинди. Масалан, валюта айрибошлаш, прописка, нақд пул олиш, фуқаролик масалаларида аҳолига анча енгилликлар яратилди.

Лекин айрим вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар охирги пайтларда мурожаатларни ҳал қилишни ўз ҳолига ташлаб қўйгани ҳам ойдинлашиб қоляпти.

Масалан, мурожаатларда кўтарилган муаммоларнинг 76 фоизига тушунтириш бериш билан чекланилган. Наманган, Навоий, Бухоро, Жиззах ва Қорақалпоғистонда шикоятлар сони 2 баравар ўсган.

Ташкилотлар кесимида: Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Энергетика ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Солиқ қўмитаси, Экология қўмитаси, Кадастр агентлигига мурожаатлар сони ошган.

– Йиғилиш жуда танқидий бўлди, мана шундай камчиликлар бирма-бир кўриб чиқилди. Ҳокимларга ҳал қилинмаган ва такрорий мурожаатларни жойига чиқиб ўрганиб, ўзи бош-қош бўлиб ҳал этиш топшириғи берилди.

Кўпчилик вилоят ҳокимларининг қабул куни ҳар ойнинг тўртинчи шанбаси, яъни бир ойда бир марта қилиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари бу жуда камлигини, ҳар бир ҳокимнинг кабинети “халқ қабулхонаси” бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу боис ҳокимликларда кунлик қабул йўлга қўйиладиган бўлди, – деди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Брифингда вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳам ўз тизимига тааллуқли муаммоларни аниқлаб, уларни ҳал этиш ва мурожаатларни қисқартириш бўйича кўрсатмалар берилгани маълум қилинди.  

ЎзА