Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатлар қонун доирасида ечим топмоқда
14:47 / 2023-08-14

Жойларда аҳоли билан жонли мулоқотларнинг йўлга қўйилгани одамларда муаммоларни ижобий ҳал қилиш учун ишонч уйғотди. Фарғона вилояти адлия бошқармаси ва тизимдаги идоралар бошлиқлари томонидан шахсий қабулларда 4 минг 349, сайёр қабулларда 1 минг 474 мурожаатлар қабул қилинган.

Давлат идоралари мурожаатларга алоҳида эътибор бераётганлиги ва долзарб муаммолар таҳлили кўплаб ислоҳотларга ҳам сабаб бўлмоқда.

“Осилиб” қолган 200 миллион 

“Шуҳратжон” хусусий фирмаси Бағдод тумани “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширган. Бироқ белгиланган маблағни ололмай ойлар давомида сарсон бўлади. Гап шундаки, 2023 йил 28 апрелда туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ва “Шуҳратжон” хусусий фирмаси ўртасида солиштириш далолатномаси тузилган. Икки ташкилот ўртасида “Гулистон” маҳалла фуқаролари йиғини биносини таъмирлаш юзасидан пудрат шартномаси расмийлаштирилади. Тарафлар ўртасида тузилган бажарилган ишлар қиймати ҳақидаги ҳисобварақ-фактурага кўра, “Шуҳратжон” хусусий фирмаси томонидан 200 миллион сўм миқдорида таъмирлаш ишлари бажарилган.

Шунга кўра, ҳақдор хусусий фирма қарздорликни тўлаш юзасидан талабнома юборилади. Бироқ жавобгар томонидан қарздорликни тўлаш имкони мавжуд эмаслиги ҳақида жавоб хати юборади. Хуллас, мана шундай можаролар...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги фармонига асосан, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги негизида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташкил этилган. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими тугатилиб, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига ўтказилган. Шу сабабли ушбу қарздорлик “осилиб” қолган. 

Бағдод тумани адлия бўлимига “Шуҳратжон” хусусий фирмаси раҳбари мурожаат қилиб фирма томонидан кўрсатилган қурилиш ва таъмирлаш хизматлари учун белгиланган маблағ тўланмаётганлигини маълум қилган. Адлия бўлими томонидан тадбиркор манфаатини кўзлаб Риштон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди. Даъво ариза қаноатлантирилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан тадбиркор фойдасига туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимидан 200 миллион сўм маблағ ундирилиши белгиланди.

Бешариқдан эксклав – Сўхга бориш мукофоти тўлаб берилади

Бешариқлик Шерзод Жабборовнинг касби шифокор. У Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрь кунги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2022 йил 11 апрелдан бошлаб, Сўх туманидаги “Сариканда” оилавий шифокорлик пункти мудири лавозимида ишлайди. Шифокор ушбу фармон асосида ўттиз миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул маблағи ҳамда ҳар ойлик ижара пули тўланмаганлигидан норози бўлиб адлия бўлимига мурожаат қилган. 

– Бешариқ Сўх туманидан 200 километр узоқликда жойлашган. Унинг устига йирик эксклав ҳудуд, – дейди шифокор Шерзод Жабборов. – Тўрт томони Қирғизистон чегаралари билан туташиб кетган. Қарор асосида оилам билан кўчиб келиб ишлаяпман. Бироқ бир йил бўлса-да, белгиланган сумма тўлаб берилмади. Бир дўстимнинг  маслаҳати билан Сўх туман адлия бўлимига мурожаат қилдим. Яхшиям мурожаат қилганим. Суд тартибида мурожаатимни ижобий ҳал қилиб беришди. 

Қабристон назоратчиларининг 55 миллион сўм иш ҳақлари

Фурқат тумани адлия бўлими томонидан туман ободонлаштириш бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 1 апрелдаги “Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси мониторинг асосида ўрганилди.

 Ўрганиш давомида туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан ушбу қарорнинг 12-бандида қабристон назоратчиларига 4-разрядда ойлик ҳақи кўрсатилган бўлишига қарамасдан, бошқарма томонидан 2-разрядда иш ҳақи тўланганлиги маълум бўлди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 244-моддасида “Иш берувчининг ўз молиявий аҳволидан қатъи назар, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш” белгилаб қўйилган.

Ўрганиш бўйича туман адлия бўлими томонидан ободонлаштириш бошқармасига тақдимнома киритилиб, тумандаги 61 нафар қабристон назоратчиларига 2023 йил учун 55 миллион 109 минг сўм тўланмай қолган иш ҳақи ундириб берилди. 

– Қабристонда 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлайман. Савоб иш, – дейди Алижон Холиқов. – Лекин  биз разряд, ойлик устамалар, қўшимча имкониятлар ҳақида тўлиқ тасаввуримиз йўқ. Лекин адлия ходимлари қонунчиликка мослигини ўрганиш давомида аниқланган қўшимча иш ҳақларини биз ҳам энди билдик. Улар ўрганиш олиб бормаганларида билмай юраверардик. Мана энди 1-2 ойдан бери қўшимча устамаларни ҳам оляпмиз.

“Дориси йўқ жаннатларга кетган болам” шеърини ўғирлашди

Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларининг мамлакатимизда ҳимояланиши ижодкорлар учун андишанинг отини қўрқоқ қўймайдиган янги даврни бошлаб берди. Нима учун биз айнан андиша ҳақидаги фикрни қўлладик?! Сабаби оддий. Ижодкорлар табиатан ҳалим, бировнинг дилини хуфтон қилмайдиган тоифа. Аксарият ижод аҳлининг муаллифлик ҳуқуқлари поймол бўлсада, фойдаланувчиларга йўл беради. Индамайди. Бу айни ҳақиқат!

Хурсанд бўладиган жиҳати шундаки, улар ҳам айни кунларда ўз муаллифлигини ҳимоялашга одатланяпти. Бу ҳолатларнинг ҳаммаси яхшиликка.Мана бир мисол:

Отабек Тиллаевнинг “Дориси йўқ жаннатларга кетган болам” шеърини ўқисангиз сел бўласиз. Баданингизда чумоли ўрмалайди. Яхши ижод маҳсули. Ана шу асарни фуқаро Шаҳзодбек Раҳмонов муаллифнинг рухсатисиз, сўрамасдан ёки шартнома тузмай ижро этиб ўзининг интернетдаги ижтимоий саҳифаси орқали барчанинг эътиборига ҳавола қилади. Муаллифнинг тегишли чора кўриш тўғрисидаги мурожаати Фарғона вилояти адлия бошқармаси томонидан кўриб чиқилди.

Мурожаатни ўрганиш якуни юзасидан Фарғона вилояти Фарғона туманида истиқомат қилувчи фуқаро Раҳмонов Шаҳзодбек Шуҳратжон ўғлига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддаси (прим 1) биринчи қисми бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Фарғона вилояти адлия бошқармаси ва унинг тизимларига ўтган йилда 12 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг 9 мингга яқини қаноатлантирилган. Жорий йилнинг олти ойи давомида бошқарма ва адлия бўлимларига 6 мингга яқин мурожаатлар йўлланган.

Мурожаатларнинг келиб чиқиши таҳлилларига кўра, соҳаларда меҳнат муносабатига доир 1 минг 633 мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан 880 таси ойлик иш ҳақлари масаласидаги мурожаатларни ташкил этмоқда. Адлия бўлимларига келиб тушган шикоятларнинг хусусияти бўйича таҳлил қилинса, 41 фоизи меҳнат низоларига доир эканлигини кўриш мумкин. 

Вилоят адлия бошқармаси ва туман-шаҳар адлия бўлимлари томонидан 2023 йил II ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб судларга мингдан ортиқ даъво аризалари киритилди ва мурожаатчилар фойдасига 10 миллиард 235 миллион сўм пул маблағлари ундирилди.

М.Сулаймонов, ЎзА